Алишер УЗОҚОВ: “Миллий терма жамоамизга анчадан буён бефарқ эмасман…”

  Одил самимий ва санъатни яхши тушунадиган йигит

Санъат ва спорт бир-бирига яқин соҳа. Чунончи, кўплаб санъаткорлар спорт билан мунтазам шуғулланишади, ҳеч бўлмаса, бирорта турига қаттиқ қизиқишади.
Айниқса, миллионлар ўйинига меҳр қўйган актёр ёки хонандалар кўп… Шундайлардан бири ёшларнинг севимли киноактёри Алишер Узоқов. У ашаддий футбол мухлиси ва Одил Аҳмедовнинг яқин дўсти. Яқинда ушбу санъаткор хизмат сафари билан Наманганда бўлди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда у билан футбол ҳақида чақчақлашдик.

– Алишер, футболга неча ёшингиздан қизиқа бошлагансиз ва болалигингизда қайси жамоаларга мухлислик қилгансиз?

– Адашмасам, 3-4 ёшимдан. Жиддий айтадиган бўлсам, авваллари бирорта клубга ишқибозлик қилмаганман, шунчаки, ўзим кўпроқ футбол ўйнардим. Тўғри, миллий терма жамоамизга анчадан буён бефарқ эмасман асло. Унинг ўз майдонимизда кечадиган баҳсларини бевосита стадионда томоша қиламан. Мана, 1997 йилдан Англиянинг «Арсенал» клуби, 1998 йилдан Голландия терма жамоаси, ўтган йилдан бошлаб эса, дўстим Одил Аҳмедов ўйнаётганлиги боис «Анжи»га ишқибозлик қиляпман.

– Одил Аҳмедов билан қачон танишгансиз?

– Ўтган йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубоги мусобақаси арафасида. Қитъа биринчилигида миллий термамиз яхши тўп суриб, ярим финалга етиб борди, Одил эса 2та тўп киритиб, жамоамизнинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшди. Турнирдан сўнг у «Анжи» таркибига қўшилди. Одил самимий ва санъатни яхши тушунадиган йигит. Шу боисми, у билан қисқа вақт ичида қалин дўстга айландик.

– Ўтган йилги никоҳ тўйингизда Одил куёвжўра бўлганди…

– Киноактёр бўлганим учун ўз ҳамкасбларимдан бири эмас, балки футболчининг куёвжўра ролини бажаргани кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин. Бунинг сабаби оддий: аввало, Одил менинг яқин дўстим, қолаверса, миллионлар ўйинига қизиқишим жуда кучли.

– Апрель ойида бир қатор нуфузли ташкилотлар томонидан кўкрак бези саратонига қарши «Ҳаёт учун!» акцияси ташкил этилди. Унинг доирасида «Жар» стадионида ўзбек эстрадаси юлдузлари ва театр ҳамда кино актёрлари ўртасида футбол баҳси ўтказилди. Ўша учрашувдан қандай таассуротлар қолди?

– Жуда ажойиб. Буни ўша тадбирда иштирок этган барча санъаткор ва хонандалар эътироф этишлари мумкин. Тўғри, футбол баҳсига тайёргарлик кўриш жараёнида вақт камлиги учун бироз қийинчиликлар бўлди, санъаткорларнинг барчалари машғулотларда тўлиқ иштирок эта олишмади. Учрашув ўтказилган куни стадионга ташриф буюрган томошабинлар ва муҳитни кўриб, барча қийинчиликлар бир зумда унутилди. Қисқаси, футбол-шоу кутганимиздан ҳам ажойиб тарзда ўтди.

– Санъаткорлар учун жисмоний ҳолатни бир маромда сақлаш муҳим омил саналади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ушбу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир киши бирор спорт тури билан шуғулланади…

– Гапингизга қўшиламан. Актёрлар спорт билан шуғулланиб туришлари шарт. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мен деярли ҳар куни вақт топиб, дўстларим билан футбол ўйнайман. Бундан ташқари, теннисда ҳам чакки эмасман. Бу табиийки, жисмоний ҳолатимни назорат қилишда ғоят муҳим. Телевизор орқали эса футболдан ташқари, биатлон мусобақаларини томоша қиламан. Умуман, спортга илҳом парисидек қарайман.

Негадир режиссёрлар спорт, хусусан, футбол мавзусига кам мурожаат қилишади. Мисол учун, биз футболга оид «Фақат ғалаба» фильмини биламиз, холос. Буни нима билан изоҳлайсиз?

– Футболга бағишланган картинани суратга олиш осон эмас. Зеро, фильм жараёнида стадион мухлислар билан тўла бўлиши, шундай муҳит яратилиши шарт. Буни амалга ошириш эса ғоят мушкул ва бюджетдан ҳам катта маблағ сарфлаш талаб этилади. «Фақат ғалаба» фильмида мен ҳам эпизодик ролда чиққан бўлсам-да, буни футболга бағишланган картина, деб ҳисобламайман. Худо хоҳласа, режиссёрлар келажакда футболга оид ҳам ажойиб фильмлар яратишади, деб умид қиламан.

Тасаввур қилинг, футбол тўғрисида фильм суратга олинадиган бўлса, кимнинг ролини ижро этишни хоҳлардингиз?

– Албатта, дўстим Одил Аҳмедов ролини-да. Зеро, ташқи кўринишимиз ўхшаб кетади, бўйимиз ва характеримиз ҳам деярли бир хил. Менимча, Одилнинг сиймосини яратиш менга унчалик қийинчилик туғдирмайди.

– Саноқли кунлардан сўнг Украина ва Польша мамлакатларида нав-батдаги Европа чемпионати старт олади. Суҳбатимиз аввалида таъкидлаб ўтганингиздек, бўлажак мусобақада Голландия терма жамоасига мухлислик қилар экансизда…

– Албатта. Айтганимдек, 1998 йилдан буён «лоларанглилар»га ишқибозман ва бўлажак қитъа чемпионатида уларга омад тилайман. Кези келганида шуни ҳам таъкидлашим жоизки, «Ёшлар» телеканали вакиллари мени Европа чемпионати баҳсларини шарҳлаб боришга таклиф қилишди.

 – Дўстингиз Одил Аҳмедовга севимли клубингиз «Арсенал» томонидан қизиқиш бўлгани ҳақида гап-сўзлар урчиганди…

– Янги танишган вақтимизда ҳазиллашиб, «Одил Арсенал»да сен учун 9 ва 25-рақамни банд қилиб қўйганман, улардан хоҳлаганингни танлашинг мумкин», дегандим. Ўша ҳазил ҳақиқатга айланса, ажабмас. Мабодо Одил лондонликлар сафига қўшилса, ундан кўра, мен кўпроқ хурсанд бўламан.

– Умуман, қайси футболчиларнинг ўйинларига ҳавас қиласиз?

– Олдинги футболчилардан Миржалол Қосимов ва Деннис Бергкампнинг ўйинларини завқ билан томоша қилардим. Ҳозиргилардан эса Одил Аҳмедовдан ташқари, Робин ван Персига ҳурмат билан қарайман.  Алекс Чемберлен ҳам якунланган мавсумда яхши ўйин намойиш этди. Айтишим жоиз, мен учун идеал футболчи – бу Бергкамп эди. Ҳозирча унга ўхшаш ўйинчини кўрганим йўқ.

Манба: “Interfutbol.uz.

—————————————————————————————————————————————-

                                                                                   

 Маълумот учун:
Алишер Узоқов
Туғилган санаси ва манзили: 1984 йил 25 август, Тошкент шаҳри.
Пойтахтимиздаги 229 – ўрта мактаб, Тошкент давлат санъат институтининг Эстрада ва актёрлик бўлимини тамомлаган.
Касби: киноактёр ва хонанда.
Оилали

SHARE