5 июннинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ўзбекистонда пиво алкоголь ичимликлар тоифасига киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 майдаги қарорига мувофиқ, пиво (алкоголсиз туридан ташқари) алкоголли маҳсулот деб тан олинди. Пивони сотиш (алкоголсиз туридан ташқари) алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома мавжуд бўлганида, юридик шахсларга рухсат этилади. Бундан олдин пиво алкоголь миқдори паст бўлган ичимлик ҳисобланарди ва уни сотишга алкоголли ичимликларнинг чакана савдосини тартибга солувчи талаблар тааллуқли эмасди. Савдо корхоналарининг мактаб, мактабгача таълим ва диний муассасалардан камида 500 метр масофада жойлашиши талаби бундан мустасно. Тамаки ва алкоголли маҳсулотларни сотиш мумкин бўлган харидорларнинг ёши 18 дан 20 ёшгача кўтарилди. Алкоголли маҳсулот чакана тарзда сотилганида, стационар нуқтада тўловларни банк пластик карталаридан амалга ошириш учун ҳисоб-китоб терминали бўлиши шарт. Яна бир ўзгартишлардан бири шуки, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини савдо автоматлари орқали сотиш, доналаб, қутисиз (тамаки маҳсулотлари учун) сотиш тақиқланган.


 

 

Сурия бир қатор мамлакатлар элчиларини чиқариб юборади

Сурия ҳукумати бугун бир қатор Ғарб мамлакатлари элчилари ва бошқа ваколатхона вакилларини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган. Дипломатларга мамлакатни тарк этиш учун уч кун муҳлат берилган. Ушбу давлат қаторида Буюк Британия, Франция, АҚШ, Туркия, Швейцария, Испания ва Италия дипломатия мисссиялари раҳбарлари бор. Гап шундаки, бундан олдинроқ ушбу мамлакатлар Суриялик дипломатларни ўз ҳудудларидан чиқариб юборган эди. Бунга 25 май куни Хула қишлоғида юз берган қирғин-барот сабаб бўлган эди.


 


“Уотергейт” ёзувлари эълон қилиниши мумкин

АҚШ ҳукумати “Уотергейт” иши бўйича янги материалларни эълон қилишга қарши чиқди. “Fox News”нинг хабар беришича, АҚШ адлия вазирлиги 1972 йили демократлар қароргоҳида эшитиш мосламасининг ўрнатилиши натижасида олинган ёзувларни эълон қилишга қарши чиқди. Вазирлик вакиллари тегишли аризани Колумбия округи судини юборган. Улар фақат тасмага ёзилмаган ахборотларнигина эълон қилишга розилик билдиришмоқда. Вазирликка кўра, ушбу ёзувлар ноқонуний қилинган ва унинг эълон қилиниши демократлар штаби шахсий ҳаёти дахлсизлигига раҳна солади. Ушбу тасмаларда ўрин олган маълумотларни эълон қилишни сўраб, тарихчи Люк Ничтер 2009 йили округ судига мурожаат қилган эди. Сўнгги бир ой ичида ушбу масала бўйича суд ўз ҳукмини эълон қилади. 2011 йилда у адлия вазирлиги қаршилигига қарамасдан АҚШнинг собиқ президенти Ричард Никсоннинг судда берган кўрсатмаларини эълон қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Эслатиб ўтамиз, 1972 йили Ричард Никсон штаби томонидан ёлланган шахслар демократлар қароргоҳида эшитиш мосламаларини ўрнатишга ҳаракат қилишади. Бу хатти-ҳаракатлар ҳақида кенг жамоатчилик хабар топиб, президент Никсон импичмент хавфи остида истеъфога чиқишга мажбур бўлади.


 

 

Брейвик нега мусулмонларни ёмон кўрарди?

Норвегиялик террорист Андерс Брейвик суд эшитуви давомида ўзининг мусулмонларга бўлган ғаразининг сабабларини айтиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, болаликда у мазкур дин вакиллари билан мулоқотлари жиддий таъсир кўрсатган. Хусусан, у етти ёшида асли турк бўлган ўртоғининг отаси томонидан жазоланади. Яъни, ўртоғининг отаси Брейвикни қўполлик қилгани учун велосопедини синдириб ташлайди. Кейинчалик уларнинг эшиги олдига кимдир чиқинди солинган халтани ташлаб кетади. Қолаверса, унинг айтишича, у жуда кўпчилик мусулмонларнинг жиноятчилик, безорилик ва зўравонликка аралашиб қолганини кўрган. Буларнинг барчаси, пировардида, унинг хаёлида мусулмонлар ҳақида ўзига хос қараш шаклланишига олиб келган. Шу боис у 23 ёшидаёқ миллатчилар билан мулоқотга киришади. 2006 йилдан бошлаб ўз террор ҳужумларини режалаштира бошлайди. Эслатиб ўтамиз, Андерс Брейвик ўтган йили 22 июлда иккита террорчилик актини амалга ошириб, жами 77 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, агар у айбдор деб топилса, 21 йилгача озодликдан маҳрум этилиши ёки психиатрия касалхонасида мажбурий даволаниши мумкин.


 

 

Роғун ГЭСи Ўзбекистонда 300 минг кишини ишсиз қолдиради

Роғун ГЭСи қурилиши оқибатида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги йилига 600 миллион доллар зарар кўриши мумкин, деб ёзади CA-News. Натижада ялпи ички маҳсулот ҳажми 2 фоизга қисқаради, 300 минг нафардан ортиқ киши ишсиз қолади. Бундай хулосага АҚШ тадқиқотчилар гуруҳи келган. Тадқиқотчилар Роғун ГЭСи қурилиши ва сув билан тўлдирилиши иккита оқибатга олиб келишини қайд этишмоқда. Унга кўра, Роғун ГЭСини тўлдириш учун 12,4 йил талаб қилади. Бу давр оралиғида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги жиддий йўқотишга учрамайди. Аммо Роғун ГЭСи тўлгач ва тўлиқ ҳажмда иш бошлагач, асосий таъсирларни сезиш мумкин. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳукумати анча йиллардан бери Роғун ГЭСи биринчи ўринда сейсмик хавфли ҳудудда жойлашганини қайд этиб, унинг қурилиши минтақадаги миллионлаб инсонлар ҳаётига таҳдид солишини уқтириб, халқаро экспертиза ўтказишни талаб қилиб келмоқда.

SHARE