Муяссар Раззоқова Тошкентда концерт берди

Тошкентдаги Форумлар саройи залида Навоий номидаги Давлат академик катта      театрининг етакчи яккахон хонандаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, халқаро танловлар  ғолиби Муяссар Раззоқованинг яккахон концерти бўлиб ўтди.

Унинг чиқиши опера санъати лосмандлари учун яна бир ҳақиқий совға бўлади, десак муболаға бўлмайди. Постановкачи режиссёр Андрей Слоним бошчилигидаги ижодий гуруҳ томонидан, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кўмагида тайёрланган катта композицияда хонанданинг ёрқин, таъсирчан истеъдоди тўлақонли намоён бўлди, деб хабар беради “Даракчи” газетаси.

Концертда хонанда ўзбек бастакорлари асарлари билан бир қаторда,  Ғарб-Европа бастакорлари қаламига мансуб машҳур опералардан арияларни ҳам ижро этди. Айниқса, Ринат Титеев, Шукур Ғафуров, Нормўмин Султонов, Руслан Гафаров ва театрнинг бошқа етакчи яккахонлари билан ижро этилган дуэт асарлар жуда илиқ кутиб олинди.

Концертда Жузеппе Вердининг «Травиата» операси учинчи қисмининг якуни ижро этилди, унда Виолеттанинг бош партиясини Муяссар Раззоқова айтди. Томошабинларнинг фикрича, симфоник оркестр, Навоий номидаги ДАКТ хори ҳамда дирижёрлари  Дилбар Абдураҳмонова, Анвар  Эргашев, Фазлиддин Ёқубжонов, Сулаймон Шодмонов, Содиқ Гаибов, Аида Абдуллаевалар ушбу асарларни юксак савияда ижро этиши ҳам концерт муваффақиятли чиқишига сабаб бўлди.

Муяссар Раззоқова аввал Франция, АҚШ, Германия, Россия, Италия ва бошқа давлатларнинг энг нуфузли саҳналарида томошабинларнинг олқишига сазовор бўлган.  Муяссар Раззоқованинг ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтган концерти пойтахтимизнинг маданий ҳаётида энг катта воқеалардан бири бўлди, деб айтиш мумкин.

SHARE