АҚШ ва Хитойнинг “совуқ уруши”. Инновация ҳақидаги беш афсона

Барак Обаманинг ҳокимият тепасига келиши, қолаверса, Хитойда коммунистик партия етакчиларининг янгиланиши ушбу икки гигант мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича саволларни кўпайтирди, десак муболаға бўлмайди. Бугун икки мамлакат барча соҳаларда бир-бири билан рақобат қилмоқда, дунёда таъсир доирасини кенгайтириш бўйича изчил сиёсат олиб бормоқда. АҚШ иқтисодиёти гарчи мақтагулик ривожланиш кўрсаткичларига эга бўлмаса-да, дунё иқтисодиётида ҳал қилувчи ролини сақлаб турибди. Хитой эса йилдан-йилга ўз иқтисодий гегемониясини кенгайтириб бормоқда. Туфтс университети Флетчер мактаби профессори Бакшар Чакравортининг фикрича, бугун Америка Хитойдан инновация борасида жиддий қўрқиши керак.

Унинг фикрича, Америка ўз иқтисодиётининг истиқболи борасида мутлақо нотўғри муаммолар билан уралашиб қолган. Масалан, Америка Хитойга рақобатда енгилиб, кўплаб иш жойларидан маҳрум бўлаётгани хусусида тез-тез бонг урилмоқда. Пью тадқиқот маркази ўтказган таҳлилга кўра, 42 фоиз америкаликлар Хитой аллақачон дунёнинг энг йирик иқтисодиётига айланганини қайд этишган.

Аммо Оқ уй инновацияда рақобатга кўпроқ урғу бериши керак. Чунки бу Америка иқтисодиётини жонлантириши мумкин бўлган асосий тармоқлардан биридир, деб таъкидлайди профессор.

Шунинг учун, тадқиқотчининг фикрича, Америка Хитойнинг инновация бўйича олиб бораётган ишларига бошқача ёндашиши, яъни Хитой бўйича айрим афсоналарга ишониш керакмаслигини айтади

1.  Хитойда инновация йўқ, фақат қароқчилик ва кўчириш бор.

Жуда кўплаб инновациялар кўчиришдан бошланади. Америка ҳам кўҳна дунё олимлари ишларини кўчириш орқали кўплаб инновацияларга асос солган. Айни чоғда Alibaba, Tencent ёки Sina Weibo сингари хитойча “кўчириш”лар ҳам америкача вариантидан кўра мукаммалроқ бўлиб, уларнинг ҳар бири Хитой бизнеси ва истеъмолчилари учун муҳим бўлган муаммоларни ҳал этмоқда. Эътиборли жиҳати, улар глобал бозорга чиқишга ҳам жуда тайёр

2.   Хитойда инновацияларнинг аксарияти “тепадан” чиқади. Ваҳоланки, энг яхши инновациялар қуйида туғилади.

Хитой давлати 2020 йилга қадар мамлакатни инновацион маконга айлантириш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Америка ҳам ўз вақтида инновацияларни қўллаб-қувватлаган. Агар АҚШ мудофаа вазирлиги ҳарбий лойиҳаларни молиялаштирмаганида, бугун интернет ҳақида бирор нарса дейиш мумкинмиди? Йўқ, албатта. Давлат фундаментал тадқиқот ва инновацияларни инвестиция ва бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриши керак. Буни мобиль, интернет лойиҳалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Афсуски, бугун АҚШ ҳукумати томонидан бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кўлами бирмунча пасайган.

 3. Хитойда интеллектуал мулк ҳуқуқи муҳофазаси инновацияларни рағбатлантириш даражасида кучли эмас.

Хитойнинг кучсиз интеллектуал мулк ҳуқуқи инновация ривожи учун муҳим омил бўлмоқда, дейиш ҳам мумкин. Албатта, интеллектуал мулкдан фойдаланиш ва уни ҳимоялаш ўртасида мувозанат бўлмоғи лозим. Лекин Американинг кучли интеллектуал мулк бўйича қонунлари инновациялар ривожига рағбатлантирувчи эмас, балки тўсиқ бўлаётган омиллардан бири, десак муболаға бўлмайди.

4. Глобаллашган иқтисодиётда барқарор инновация халқаро миқёсда инвестиция ётқизишни талаб қилади. Хитойнинг имижи ва хориждаги фаолияти кучсиз ва анча эскиргандир.

Чегара ва ҳудудий тортишувлар, қолаверса, савдо балансидаги номутаносибликларга қарамасдан Хитойнинг тез ривожланаётган давлатларга, чунончи, Афика, Лотин Америкаси ва Шарқий Осиёга йўналтираётган инвестицияси ва таъсири АҚШникига қараганда тез ўсмоқда. Хитой компаниялари маҳаллий бозор талабларига мослашувчанлиги билан ташқи бозорларга чуқур кириб бормоқда. Гап Лотин Америкаси ёки Африка билан алоқалар ҳақида кетганда, шубҳасиз, Хитой бир қадам олдинда эканлигини таъкидлаш жоиз.

5. Хитойнинг таълим тизими ўрганишга қаратилган, у инновациялар яратишга қодир эмас.

Гап таълим тизими ҳақида кетганда, бу жуда ҳам ножўя айб, деб айтиш мумкин. Бугун АҚШ иқтисодиёти фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишларида кадрларга жиддий эҳтиёж сезаётгани ҳеч кимга сир эмас. Силикон водийси мутахассисларининг қарийб ярми иммигрантлар эканлиги ҳам бу фикрнинг нечоғли тўғри эканлигини кўрсатади.

Албатта, Хитойнинг инновациялар борасида фаолиятини янада яхшилаш учун кўп иш қилиниши керак. Аммо Хитой бу борада мунтазам ўрганиб бораётгани, АҚШ ташлаётган қадамларни олдиндан илғаб, тегишли чоралар кўраётгани бор гап.   Тўғри, инсониятга глобал ўргимчак тўрини АҚШ мудофаа вазирлиги берди, аммо компасс бундан неча минг йил аввал хитойликлар томонидан кашф этилганини унутмаслик керак, деб хулоса қилади Бакшар Чакраворти.

SHARE