Иккига бўлинган Америка: пароканда сиёсатчилар “иши”ми ёки сохта обрў натижаси?

Сайловлар тугади. Сайловчилар ўз сўзини айтиб бўлишди. Обама ғалаба қозонди. Демократлар Сенатда, республикачилар Вакиллар палатасида хўжайинлик қилишмоқда.

Энди баҳс-мунозарани бир четга суриб, амалий ишларга қўл урадиган пайт келди. Ҳарқалай Америка халқи шундай ўйламоқда. Америкаликлар кўнглида кечаётган фикр икки тарафга бўлиниб, масалага ёндашишни тўхтатишнинг вақти етиб келганини кўрсатади.

Айниқса, Оқ уй ва Конгресс ўртасида бюджетдаги тақчилликни ҳамда давлат қарзларини камайтириш борасидаги муросасиз тортишувлар мамлакат иқтисодиётини яна боши берк кўчага киритиб қўйишидан Америка жамияти жиддий ҳавотирланмоқда. Ҳар доим қарама-қарши фикрлар эга бўлиб келган америкаликларнинг барчаси иқтисодиёт истиқболи ноаниқ бўлиб қолаётганидан якдил ҳавотир билдиришмоқда. Иккала тараф ҳам ўз партиялари етакчилари танлаётган муроса йўлидан, чоралар мажмуидан норозилигини айтишмоқда.

Pew тадқиқот маркази томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, респондентларнинг учдан икки қисми солиқлар оширилиши ва харажатларнинг кескин қисқартилиши иқтисодиётга катта таъсир кўрсатишини, 62 фоизи эса бу таъсир салбий бўлишини қайд этишган. Уларнинг аксарияти бу чоралар уларнинг шахсий турмушидан кўра Америка халқига жиддий таъсир кўрсатишидан ҳавотирланишини айтиб ўтишган.

Сўровда қатнашганларнинг ярмидан ортиғи Барак Обама ва республикачиларнинг Конгрессдаги етакчилари бюджетнинг янги режаси бўйича якдил қарорга келишига умид билдиришмаган. Республикачи респондентларнинг учдан икки қисми эса бундай келишувга эришиб бўлмаслигини айтиб ўтишган.

Респондентлар асосан иккита инқирозга қарши чорани қўллаб-қувватлашини айтишган. 64 фоиз иштирокчилар йиллик даромади 250 минг доллардан ошадиганлар учун даромад солиғини ошириш тарафдори бўлишса, 58 фоизи корпоратив солиқлар бўйича амалдаги таклифни маъқуллашади.

Сўровда қатнашганларнинг ярми мудофаа харажатлари қисқартирилишига, ижтимоий таъминот олиш ёшининг узайтирилишига ўз қаршилигини билдиришган.

Экспертлар давлат бюджети масаласида иккала партиянинг бундай муросасиз ва узоқдан-узоқ тортишувлари жамиятни бўлиб юбораётганидан ташвишга тушишмоқда.

Респондентларнинг 72 фоизи Обама, 67 фоизи эса республикачилар етакчилари мухолиф тараф билан муаммони ҳал этиш устидан ишлаши керак, деб ҳисоблайди. Республикачиларнинг ярми Конгресс Обамани қўллаб-қувватлаши керак, деб ўйласа, демократларнинг 54 фоизи Обама республикачилар билан бирга ишлашга ҳаракат қилиб кўриши керак, деб айтган.

Энг ёмони, респондентларнинг учдан икки қисми партиялараро муросасизлик ўзгаришсиз қолади, деб ҳисоблайди.

Умуман, фуқароларнинг кайфиятини таҳлил қилиб, шуни айтиш мумкин, Америка жамияти ҳақиқатдан иккига бўлинган. Мамлакат етакчилари ўртасида ёрқин етакчилик ва харизманинг етишмаслиги, қолаверса, аҳоли қатламлари ўртасидаги тафовутнинг жуда катта эканлиги, сиёсий қарашлар ва демогафиқ хилма-хиллик ҳам жамиятдаги бўлинишларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, мамлакат раҳбарлари ўртасида принципиал масалаларда якдил ва жиддий қарор қабул қилиш масъулиятининг етишмаслиги, мамлакат тақдиридан кўра, популизм ва партия обрўсини ўйлашга кўпроқ урғу берилиши натижасида америкаликлар нафақат иккига бўлинишмоқда, балки уни бўлишга сиёсатчилар ҳам катта “хизмат қилишмоқда”.

SHARE