2016 йилга қадар Ўзбекистонда автотранспорт воситаларининг 30 фоизи табиий газ билан ҳаракат қилади

Ўзбекистонда жами 1719,1 мингта автотранспорт воситаси бўлиб, уларнинг 12,4 фоизи табиий газ билан ҳаракатланади. Агар ҳозирги кундаги суръатда бу соҳани ривожлантириш чоралари кўрилса, 2016 йилга бориб, газ билан ҳаракат қиладиган автотранспорт воситаларининг сони 30 фоизга етади. Бу ҳақда 12news.uz сайти ёзади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда автотранспорт воситаларига газ қурилмаларини ҳамда жойларда газ қуйиш шохобчаларини ўрнатиш бўйича Жанубий Корея ҳамда Хитой билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинади. Хусусан, кореялик бизнесменлар 50 та газ қуйиш шохобчасини қуриш учун Ўзбекистонга 42 миллион доллар миқдорида инвестиция киритишни кўзда тутмоқда.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китоб қилишича, табиий газ билан ҳаракатланадиган транспорт воситалари атроф-муҳитга анъанавий ёқилғиларга қараганда 3-5 баравар кам зарарли тутун чиқаради.

Ўзбекистонда автотранспорт воситаларига табиий газ қурилмаларини ўрнатиш ва шу асосда ҳаракатлантириш кейинги йилларда жуда оммалашиб бормоқда. Бу, айниқса, бензин тақчиллиги кўп кузатиладиган вилоятларда тобора кенгаймоқда. У ўзининг арзонлиги билан, биринчи галда, ҳайдовчилар эътиборини тортмоқда.

SHARE