Улуғбек Бақоев Қозоғистон чемпионатининг 2012 йилдаги энг яхши ўйинчиси деб топилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Улуғбек Бақоев Қозоғистон чемпионатининг 2012 йилдаги энг яхши ўйинчиси сифатида тан олинди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати расмий сайти.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Қозоғистоннинг «Иртиш» клуби ҳужумчиси Улуғбек Бақоев, Sports.Kz интернет-нашри йил давомида Қозоғистон чемпионатида иштирок этувчи жамоаларнинг мураббийлари футболчилари ўртасидаги ўтказилган сўровнома якунига кўра, Қозоғистон Премьер-лигасининг 2012 йилдаги энг яхши ўйинчиси деб топилди.

Улуғбек Бақоев ўз фаолияти давомида тўрт марта (кетма-кет уч марта) Қозоғистон чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланди. Икки йил давомида Бақоев тўрт марта ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган бўлса, кетма-кет иккинчи йил Sports.Kz интернет-нашри томонидан таъсис этилган «Алмаз» соврини эгасига айланди. У сўровномада жами 131 очко тўплашга муваффақ бўлган ва энг яқин таъқибчиси – «Тобол»нинг 22 ёшли ярим ҳимоячиси Бауржан Жолчиевдан 35 очкога ўзиб кетган.

Сўровномада ғолиблик учун жами 121 нафар футбочли кураш олиб борган бўлиб, фаолиятини Қозоғистон чемпионатида давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бошқа аъзолари ҳам ундан ўрин олган. Хусусан, «Актобе» ҳужумчиси Марат Бикмаев умумий рейтингда 11- (29 очко), «Актобе» ярим ҳимоячиси Темур Кападзе 14- (25), «Актобе» ҳужумчиси Александр Гейнрих эса 27-ўринни (15 очко) эгаллаган.

Қайд этиш жоиз, Улуғбек Бақоев Қозоғистон чемпионатининг 2012 йилдаги энг яхши легионер футболчиси сифатида тан олинган бўлса, икинчи ўрин унинг терма жамоадаги шериги – Марат Бикмаевга насиб этган.

1978 йил 28 ноябрь куни туғилган Улуғбек Бақоев 2001 йил апрелидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этиб келинади. Тажрибали ҳужумчи терма жамоадаги 11 йиллик фаолияти давомида 44 учрашувда майдонга тушган бўлиб, 12та гол уришга муваффақ бўлган. Жумладан, 2012 йилнинг 14 ноябрь куни ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида Теҳронда Эрон терма жамоасига қарши ўйинда Бақоев томонидан урилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси муҳим ғалабани келтирди.

SHARE