“Бунёдкор” стадиони миллий терма жамоани кутмоқда

gazeta.uz

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасидаги навбатдаги уй ўйинларини Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати сайти хабар тарқатди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичи доирасида тўртта уй учрашувидан иккитасини 2012 йилда ўтказди. 3 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентдаги «Жар» стадионида Эрон терма жамоасини қабул қилган бўлса (0:1), 11 сентябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Жанубий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушганди (2:2).

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичидаги сўнгги икки уй ўйинини Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида ўтказади. Ҳали бирорта расмий футбол мусобақасини ўзида қабул қилмаган стадионда 26 март куни Ливан, 18 июнь куни эса Қатар миллий терма жамоалари меҳмон бўлади. Унгача эса стадионни ОФК инспекцияси кўрикдан ўтказади.

34 минг ўринга мўлжалланган «Бунёдкор» стадиони 2012 йилнинг сентябрь ойида қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилган. 28 сентябрь куни эса стадионнинг очилиш ва ишга тушириш маросими бўлиб ўтган, унда «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоалари кўргазмали ўйин ўтказган эди.

SHARE