FUTBOL. Юрий Саркисян водий футболидаги камчиликлар сабаби ҳақида

neftciФарғонанинг «Нефтчи» клуби мавсумни 6-ўринда якунлади. Албатта, ушбу натижа бир пайтлари мамлакатимиз футболида етакчилардан бири саналган жамоа учун муносиб эмас.  Натижалардан қониқмаган клуб мураббийлари янги мавсумга тайёргарликни нисбатан эртароқ, яъни 12 декабрда бошлаб юборишди. Қиргулидаги қароргоҳда ўтказилаётган навбатдаги машғулотлар ниҳоясига етгач, «Нефтчи» бош мураббийи Юрий Саркисян билан бафуржа суҳбатлашдик.

Якунланган мавсум натижалари

– Юрий Вазгенович, суҳбатимизни клубингизнинг якунланган мавсумдаги натижалари борасидаги фикрингиз билан бошласак.

– 6-ўрин айрим жамоалар учун қониқарли натижа бўлиши мумкин, лекин «Нефтчи» учун эмас. Зеро, клубимиз доимо ўз олдига юксак мақсадлар қўяди. Бироқ айрим сабабларга кўра, буни амалга ошириб бўлмайди. Жумладан, ўтган йилги мавсум якунланганидан сўнг клубимизни Юрий Цой, Асқар Муҳиддинов, Алишер Холиқов ва Воҳид Шодиев сингари етакчи футболчилар тарк этишди. Уларнинг ўринларини тўлдириш осон кечмади. Ахир одатда четдан футболчи харид қилмаймиз ва асосий эътиборни ўз тарбияланувчиларимизга қаратамиз.

1_92Умуман олганда, мавсумнинг биринчи давра баҳсларини яхши ўтказдик. Аммо давралар оралиғидаги танаффус пайтида хорижга чиқиб, ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этишнинг имкони топилмади. Менимча, ушбу омил ҳам ўйинчиларимизга салбий таъсир кўрсатди. Натижада ҳал қилувчи босқичда йигитлар чарчаб қолишди чоғи, сафар учрашувларида бор-йўғи бир очко олдик. Ваҳоланки, чемпионлик унвонига сазовор бўлган «Пахтакор» ўз майдонида 31 очко тўплаган бўлса, биз 30 очко жамғардик. Шунга қарамай, 6-ўрин билан чекландик. Қисқаси, якуний натижадан қониқмадим.

– Эътиборлиси, тажрибали шогирдингиз Анвар Бердиев 19та гол уриб, чемпионат тўпурари бўлди…

– Анвар жамоамизда биринчи мавсум ўйнамаяпти. У 13 йилдан буён клубимизда. Тажриба йиллар давомида тўпланади. Бердиевнинг ёши улғайиб, ақли анча тўлишди. Натижада ўйини барқарорлашиб, янада кучлироқ тўп сурадиган бўлди. Албатта, Анварнинг муваффақиятидан хурсандман.

– Маълумки, «Нефтчи»дан ҳар йили 2-3 нафар мавсум кашфиёти етишиб чиқади. Шогирдларингиздан кимларни 21-миллий чемпионат кашфиёти сифатида кўрсатасиз?

– Бу ҳақда гапиришим ноқулай. Ўзинглар ўйинларни кузатдинглар. Демак, қайси футболчилар шундай номга муносиб эканликларини яхши биласизлар. Бизнинг вазифамиз – мухлисларга завқ улашиш мақсадида иқтидорли футболчилар тарбиялаш.

Терма жамоалар ва ўз тақдири

– 2012 йилда Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси ЖЧ йўлланмаларини қўлга киритди. Миллий жамоамиз эса ўз гуруҳида 1-ўринда бормоқда. Таассуротларингиз қандай?

– Мамлакатимиз мустақилликка эришганига 21 йил тўлди. Шундай экан, менимча, миллий жамоамизнинг ЖЧда иштирок этадиган вақти келди. Президентимизнинг футболни ривожлантиришга доир бир қатор Фармонлари қабул қилинди. Менимча, ҳеч қайси мамлакатда миллионлар ўйинига бунчалик катта эътибор қаратилмайди. Бундан ташқари, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам кучли раҳбар. У ўзи бошқараётган ташкилотни анча кучайтириб, барча терма жамоаларга мусобақаларда ижобий натижалар қайд этишлари учун шароитлар яратиб беряпти. Бу ўз мевасини бериб, 2та жамоамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бош жамоамиз ҳам шундай имкониятга эга бўлиб турибди. Демак, юксак эътибор ўз самарасини беряпти.

qosimov-sarkisyanШуни таъкидлаш жоизки, мураббийларнинг вазифаси нафақат клуб, балки терма жамоаларга ҳам моҳир футболчилар тарбиялаб, етказиб беришдан иборат. Зеро, ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоа юртимиз футболини намойиш қилади. Терма жамоамизда ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш учун доимо имконият бўлган. Фақат ҳамма гап ундан қандай фойдаланишда. Биз қайсидир жамоадан чўчийдиган бўлсак, мундиалга боришдан наф йўқ. Айтмоқчиманки, майдонда ҳеч қайси жамоадан чўчимай ҳаракат қилиш лозим. Футболимизнинг савияси йилдан-йилга ошиб боряпти. Ўсиш борми, демак, имконият ҳам бор.  Футболчиларнинг бошқа жамоаларга ўтиб кетишлари эса бошқа масала. Уларнинг ҳаётлари шундан иборат. Масалан, мен 20 ёшимда ота-онамни ташлаб, шу ердан паноҳ топганман. Таъкидлашим жоиз, бу борада менга омад кулиб боққан. Чунки Арманистонда қолганимда ёки Россияга кетганимда, билмадим, ким бўлардим? Ўзбекистонга келиб, машҳур шахсга айландим. Балки футболчилар мендан ўрнак олиб, шундай йўл тутишар…

– Демак, тақдирингиздан хурсандсиз?

eaf6d4cd1df8150– Бўлмасам-чи. Ўзбекистонда мени футболчи сифатида тарбиялаб, катта ҳаётга йўлланма беришди. Москвадаги Мураббийлар олий мактабидан Ўзбекистонга битта ўрин ажратишганида, мени жўнатишди. Ўшанда собиқ иттифоқ республикаларига Мураббийлар олий мактабида ўқиш учун бор-йўғи битта ўрин бериларди. Таҳсилни якунлаб қайтганимдан кейин «Нефтчи»ни топширишди. Ўшандан буён клубни бошқариб келяпман. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё ва МДҲ мамлакатларида ҳам таниқли мутахассисга айландим. Қисқаси, ушбу юртга келганим ва шундай инсонлар билан учрашганим учун Худога шукр қиламан. Ўзбекистон халқи мени футболчи қилиб тарбиялади ва яхши мураббий сифатида шакллантирди. Бунинг учун қарзимни қайтараман, Худо хоҳласа. Вафот этганимдан кейин ҳам инсонлар мени ижобий томондан эслашади, деб умид қиламан. Қандай футболчи ва мураббий бўлганлигимни болаларим ва набираларимга сўзлаб беришади. Яқинда ўғлим Вазген фарзандли бўлди ва унга менинг исмимни қўйди. Шундай экан, айни пайтда оиламизда янги Юрий Вазгенович камол топяпти.

Водий футболидаги камчиликлар сабаби

– «Нефтчи» мухлислари жамоанинг совриндорлар сафидан жой олишига кўникиб қолишган. Бироқ сўнгги пайтларда «Нефтчи»нинг омади келмаяпти. Жамоанинг олдинги обрўсини тиклаш учун сизнингча, нима қилиш керак?

– Клубимизда авлодлар алмашинуви юз беряпти ва кўплаб футболчиларимиз бошқа жамоалардан қўним топишяпти. Масалан, якунланган мавсумда «Локомотив» таркибида икки нафар собиқ футболчимиз – Ислом Тўхтахўжаев ва Акмал Холматов тўп суришди. Янги мавсумда уларнинг сафига Павел Смоляченко ҳам қўшилади. Шунингдек, бошқа жамоаларда ҳам шогирдларим ўйнашади. Улар кўз олдимда улғайишди, кейинчалик ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоадан таклиф олиб, клубимизни тарк этишди. Қаерда бўлишса ҳам, омон юришсин. Уларни айблолмайман. Чунки балиқ сувнинг чуқур жойини, инсон эса яхши шарт-шароитларни излайди. Ҳаёт шундай экан, нима ҳам қила олардим?

– Умуман, водий клублари вақтида футболимизда алоҳида мавқега эга эдилар. «Нефтчи»дан ташқари, «Навбаҳор» ҳам кўп маротаба совриндорлар сафидан жой олган, «Андижон» грандлар учун «чақилмас ёнғоқ» ҳисобланган. Аммо сўнгги йилларда минтақада футбол савияси анча пасайиб, «Нефтчи» етакчилик мақомини бериб қўйди, «Навбаҳор» ва «Андижон» клублари эса олий лигада «жон» сақлаш учун кураш олиб боришмоқда. Мутахассис сифатида айтингчи, бунга нима сабаб бўлмоқда?

– Бошқа клублар хусусида гапиришим ножоиз. «Нефтчи» мисолида айтсам, ўзингизга маълум, биз четдан ўйинчи харид қилмаймиз. Клубимиз таркибида 4-5 йил тўп суриб, барқарор ўйин намойиш этадиган футболчилар кейинчалик кетиб қолишяпти. Уларнинг ўринларини тўлдирадиган ёш футболчиларимиз бор. Лекин барқарор ўйин намойиш этишлари учун вақт керак. Айнан шу узилишлар орасида жамоамиз ўйинида пасайиш юз беради. Ер юмалоқ ва доимо айланиб туради. Шундай экан, қачондир водий футболи ҳам ўзининг аввалги савиясига чиқади. Шахсан мен бунга ишонаман.

Амалга ошмаган орзу

– Футболчилик ва мураббийлик соҳасида амалга ошмай қолган орзунгиз ҳам борми?

sarkisyan_01– Менга қадар «Нефтчи»да 25 йил ичида 18 нафар мураббий фаолият юритган. Шу вақт ичида жамоа 2 марта 1-ўринни эгаллаган. Клубни қабул қилиб олганимдан кейин «Ҳеч бўлмаса, 1 марта 1-поғонани банд этсайдик, тарихга кирардим», деб ўйлагандим. Биринчи мавсумдаёқ, яъни 1987 йилда ғолибликни қўлга киритдик. Кейинги 3 мавсумда ҳам пешқадамликни сақлаб қолдик. 1990 йилда собиқ иттифоқ чемпионати 2-лигасида буфер-минтақа ташкил этилди. Унда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан – тўғри 1-лига йўлланмасини қўлга киритишарди. Биз ўз зонамизда 1-ўринни олиб, «Навбаҳор» билан бирга 1-лигага чиқдик. Кейинроқ миллий чемпионатимизга асос солинди ва қаторасига 4 марта олтин медални қўлга киритдик. Айниқса, 1994 йилги мавсум омадли келиб, мамлакат чемпиони бўлдик, Ўзбекистон кубогини ютдик. Шунингдек, МДҲ Чемпионлари кубоги турнирида 2-ўринни эгалладик. Кейинги мақсад Осиёда зафар қучиш эди. 1995 йили Осиё Чемпионлар кубогида 3-ўринни банд этдик. Собиқ иттифоқ чемпионатини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, «Нефт­чи»даги 25 йиллик фаолиятим давомида жамоа билан 9 мартадан олтин ва кумуш, 1 марта бронза медалини қўлга киритдим. Ҳозирча фақат ОЧЛда ғолиб чиқолмадик. Лекин таъкидлаш жоиз, «Нефтчи» Осиё Чемпионлар кубоги тарихида бронза медалини қўлга киритган мамлакатимиздаги ягона клуб саналади. 1995 йили нуфузли турнирда зафар қучиш учун бизга бироз омад етишмаган, яъни ярим финалда рақибимизга пенальтилар сериясида имкониятни бой бергандик. Ўшанда Андрей Фёдоров, Сергей Лебедев ва Неъматулла Қуттибоев сингари етакчи футболчилар «нуқта»дан зарба беришда адашишганди.

Жамоа тарихидаги энг кучли таркиб

– «Нефтчи» клубининг ташкил топганлигига 50 йил тўлди. Сизнингча, жамоа тарихидаги энг кучли таркиб қайси?

– 1994 йилгиси. Натижаларни юқорида эсладим. Бундан ташқари, клубимизнинг 6 нафар аъзоси миллий жамоамиз сафида Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган XII Осиё ўйинларида зафар қучганди. 1994 йилги таркибда Наримон Осмонов, Андрей Микляев, Андрей Фёдоров, Александр Тихонов, Степан Атоян, Сергей Лебедев, ака-ука Абдусамад ва Рустам Дўрмонов, Равшан Бозоров, Эдуард Мамотов, Неъматулла Қуттибоев, Сергей Завальнюк сингари кучли футболчилар ўйнагандилар.

– 65 ёшга тўлганингизга қарамай, анча ёш кўринасиз. Бунинг сири нимада?

– Сергей Арутюновнинг 80 йиллик юбилейида ҳамкасбларингиздан бири унга худди шундай савол билан мурожаат қилганди. Шунда Сергей Артёмович «Ёшлар билан сайр қилсангиз, ҳаммаси жойида бўлади», деди. Жиддий гапирсам, мен кўпроқ ёш футболчилар билан фаолият юритиб, уларнинг ёнида бўламан. Ғайратли, қувноқ ва хушмуомала инсонман. Хотиним мендан 14 ёш кичик. У билан 33 йилдан буён бахтли турмуш кечиряпмиз. Бундан ташқари, ҳар куни эрталаб бадантарбия билан шуғулланаман. Қатъий кун тартибига амал қиламан. Чекмайман.

Янги мавсум тадориги

– «Нефтчи» янги мавсум тайёргарлигини барча жамоалардан эрта бошлади. Кейинги режалар қандай?

– Машғулотларни 12 декабрдан бошладик. Қиргулида 29 декабргача бўламиз. Шу куни клубимиз ташкил топганлигига 50 йил тўлиши ва Янги йил байрами муносабати билан тадбир уюштирамиз. Қисқа муддатли таътилдан кейин футболчилар 2 январда яна қароргоҳга йиғилишади. 6 январь куни жамоа аъзолари Тошкентда тиббий кўрикдан ўтишади. 9 январда асосий таркиб футболчилари билан БААга парвоз қиламиз. У ерда 31 январгачага ўқув-машғулотлар йиғини ўтказишни режалаштирганмиз. Сафардан қайтгач, машғулотларни яна ўз қароргоҳимизда давом эттириб, асосий таркибни аниқлаб оламиз.
– Таркибда қандай ўзгаришлар бор?

sarkisyan– Клубимизни ярим ҳимоячи Павел Смоляченко тарк этди. Янги мавсумда ҳам анъанамизга кўра, ёшлар жамоасидаги 3-4та футболчини асосий таркибга жалб этамиз. Уларнинг имкониятларини БААдаги йиғинда синаб кўрамиз. Мен учун футболчининг ёши аҳамиятсиз. У 17 ёшдами ёки 35да, асосийси, жамоага фойдаси тегса бўлгани. Афсуски, ҳимоячи Ойбек Нурбоев жароҳатланган. Мавсум бошлангунича унинг жароҳатидан фориғ бўлишидан умидворман. Шунингдек, «Нефтчи»да ўйнашни хоҳлайдиган бошқа футболчилар учун жамоамиз эшиги ҳамиша очиқ.
– «Нефтчи»да яна қанча вақт фаолият олиб бормоқчисиз?

– Юрагим уриб турар экан, жамоада ишлашда давом этаман. Ёшларни тарбиялаб, катта ҳаётга йўлланма бераман. Уларни безорилик, ўғрилик, турли жиноятлардан асрашга ўз ҳиссамни қўшиб, хайрли иш қилаётганимдан хурсандман.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди, “ИнтерФУТБОЛ” газетаси.