Марказий Осиё мамлакатлари БМТнинг Фаластин бўйича резолюциясини ёқлаб овоз берди

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Фаластинга БМТ қошида кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади.

БМТ Ахборот маркази хабар қилишича, резолюцияда Бош Ассамблея “БирлашганМиллатлар Ташкилоти унга аъзо бўлмаган Фаластинга тегишли резоюциялар ва амалиётга кўра, Фаластин Озодлик ташкилотининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Фаластин халқининг вакили сифатида қўлга киритилган ҳуқуқлари, имтиёзлари ва ролига зарар етказмайдиган тарзда кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қилгани” таъкидланади.

Резолюциянинг яна бир принципиал жиҳатдан муҳим моддасида, “Бош Ассамблея Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ва Фаластин давлатининг 1967 йилдан бери оккупация қилиб турилган Фаластин ҳудудидаги мустақиллигини яна бир карра тасдиқлайди”, дейилади.

138 та мамлакат резолюцияни ёқлаб, 9 та мамлакат қарши овоз берди, 41 та мамлакат эса бетараф қолди. Украина умуман овоз бермади. Марказий Осиёнинг барча бешта мамлакати резолюцияни ёқлаб овоз берди.

Manba: www.polit.uz