Мурғақ қалблар ҳаётига зомин бўлган иккинчи тузатиш

Уятда қолган демократия 

Ўтган ҳафта Коннектикутдаги бошланғич мактаб содир этилган мудҳиш жиноят бутун дунёни ларзага солди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, 20 норасида болакайлар ва 6 нафар аёлнинг умрига зомин бўлган ушбу қотилликни ҳеч нарса билан оқлаб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди. Шу кунларда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар бунга яққол мисолдир. Кимдир америкаликларни ақлсизликда айбласа, кимдир қурол-яроғ олди-сотдисини бекор қилмагани учун уларни “жинни”га чиқармоқда. Тўғри, одамларнинг юрагидан ўтаётганини тушунса бўлади. Чунки ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган бу қизалоқлар, болакайларнинг оммавий қатл этилишини ақли соғлом киши қабул қила олмайди. Бу узоқ йиллар мобайнида давом этаётган АҚШ конституциясининг иккинчи тузатиши билан боғлиқ баҳсларни яна авжига чиқарди.

Ушбу фожеадан кейин кўз ёш билан омма олдида чиқиш қилган Барак Обама бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришини маълум қилди. “Мамлакатимиз бундай фожеани жуда кўп бошидан ўтказмоқда”, деди у, жумладан.

Mother Jones журнали ўтказган тадқиқотга кўра, 1982 йилдан бери АҚШда бўлиб ўтган 62 та оммавий қирғинларнинг тўртдан бир қисмида барча турдаги қуроллар ишлатилган. Америкада одамларнинг қўлида 300 миллион дона атрофида ўқотар қуроллар мавжуд. Ваҳоланки, АҚШ аҳолиси ушбу рақамдан бироз кўпроқ, холос. Small Arms Survey тадқиқот марказига кўра, 2007 йилда ҳар 100 кишига 88,8 дона қурол тўғри келган.

Бироқ, АҚШ конституциясига кўра, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қурол олиб юришга ҳар бир америкаликнинг ҳаққи бор. Шундай бўлса-да, аксарият америкаликлар бу ҳуқуқни қайта кўриб чиқишнинг фурсати етди, деб ҳисобламоқда.

Аммо қуролдан фойдаланишни ҳар қандай чеклашга қарши турувчиларнинг сони ҳам жуда кўпчиликни ташкил қилади. Биргина Миллий ўқчилар ассоциацияси ўз атрофига 4 миллион нафардан ортиқ одамни бирлаштирган. Сўнгги йилларда қурол билан боғлиқ жиноятларнинг кам содир бўлгани бу мавзуни орқага суриб ташлаётган эди. Умуман, қурол-яроғдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш тарафдорларини ҳам у даражада кўп, деб бўлмайди. “Сўнгги йигирма йил давомида олиб борилган сиёсат қурол эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган эди”, деб ёзғиради Нью-Йорк университети тадқиқот маркази директори Жеймс Жейкобс.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2008 йилда АҚШ олий суди америкаликлар нафақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида, балки шахсий мақсадларида ҳам қуролга эга бўлиши мумкинлиги хусусида қарор қабул қилди.

Автоматик қуролларга эгалик қилишни чеклашга доир ташаббуслар партиялар нуфузига жиддий зарба бериши боис ушбу мавзуда имкон қадар эҳтиёткорроқ гапиришади. Дюка университети вакили Кристин Госснинг айтишича, ушбу масалада бонг уриш обрў келтирмаслигини демократлар яхши тушунишади. Ҳақиқатан ҳам, 2012 йилги сайловолди кампаниясида қурол-яроғдан фойдаланиш масаласида умуман гапирилмагани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Бошқа мамлакатларда оммавий қотиллик натижасида қурол-яроққа эмин-эркин эгалик қилишга чекловлар ўрнатилган. Масалан, Буюк Британияда 1987 йилги Хангерфорддаги қирғинбаротдан сўнг қурол-яроғ муомаласи чекланган. Шотландияда ҳам бошланғич мактабда содир бўлган воқеа шундай қарорга олиб келган. Бундай тартиб Финляндия, Австралияда ҳам жорий этилган.

Аммо барча оммавий қотилликлар ҳамма давлатларда ҳам чекловларга олиб келмаган. Масалан, 2011 йилда Норвегияда Андерс Брейвик 80га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлди. Аммо Норвегия бу борадаги қонунчиликни ўзгартириш керак, деб ҳисобламади. Ва албатта, Washington Post ҳисоб-китобига қараганда, 2012 йилда ўқотар қуролларни қўллаш орқали 13 марта оммавий қотиллик содир этилган бўлса-да, АҚШ ҳам бу қонунчиликни ўзгартириш ниятида эмас.     

Американинг қурол-яроғ билан боғлиқ қонунчилиги фалсафаси бир-бирини инкор қиладиган тамойилга эга. Чунки ушбу 2-тузатиш киритилган пайтда Америка ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилишга қодир бўлмагандир, лекин бугун АҚШ нафақат ўз ҳудудида, балки дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ўз фуқаросини ҳимоя қилиш қудратига ва салоҳиятига эга. Айни чоғда Америка мана шундай муқаддас ҳуқуқ — шахс эркинлиги ва ҳуқуқларини таъминланган давлатга айланиш учун юз минглаб қурбонларни берган, сара фарзандларидан айрилган. Ҳар қандай террор, қотиллик жазосини олади, лекин улар ортидан келадиган чекловлар юз минглаб қурбонлар олдида ўзини оқлайдими? Масалага шу тарафдан қарайдиган америкаликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

… Аммо Коннектикут қотиллигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, унинг жазоси қурол-яроғ муомаласини чеклашдан ҳам кўра, ана шундай қотилликлар юз бермаслиги учун жамият онгини соғломлаштириш, аҳолини ана шундай “тентак”лардан асраш чораларини кўриш ўта муҳимдир…

 

Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE