Сергей Лавров Тошкентга ташриф буюрди

17 декабрь куни Тошкентга Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири С.Лавров ташриф буюрди. Бу ҳақда 12news.uz сайти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб ахборот тарқатган. Ташриф доирасида Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашув, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигида учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда. Бир қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, ўтган ҳафта Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган эди.

Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Икки мамлакат ўртасида товар айирбошлашнинг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Масалан, 2011 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 6,668 миллиард АҚШ долларини, жорий йил январь-сентябрь ойларида 5,580 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзбекистон ва Россия сармоявий ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Бугун Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган 858 корхона фаолият кўрсатмоқда, Россиянинг 106 фирма ва компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.

Нефть-газ соҳаси иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ва кенг кўламли йўналишларидан биридир. Жумладан, “Лукойл” ва “Газпром” компаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудида углеводород конларини қазиш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

SHARE