Turkiya tashqi ishlar vazirining O’zbekistonga tashrifi rejalashtirilmoqda

Flag-Pins-Uzbekistan-TurkeyЯқинда Тошкент шаҳрида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, деб хабар беради www.12.uz портали. Туркия Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мехмет Фатих Жейлан бошчилигидаги Туркия делегацияси сиёсий маслаҳатлашувлардан олдин Тошкент шаҳрида турли учрашувлар ўтказган. Жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган Турк бошланғич мактабини бориб кўрган делегация аъзоларига мактаб фаолияти тўғрисида маълумот берилган. Шундан кейин Ўзбекистон-Туркия тадбиркорлари жамиятида (UTID) тадбиркорлар билан учрашди. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги мутасаддилари ҳам иштирок этган мазкур учрашувда турк тадбиркорларининг Ўзбекистондаги фаолиятларига доир масалалар муҳокама қилинган.

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2012 йил 11 декабрь куни ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларда икки томонлама алоқаларга доир масалалар кўриб чиқилган. Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилган ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норов, 2008 йилдан бери илк бора ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларга катта аҳамият берилганлиги, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқаларнинг ўзаро манфаат ва бир-бирини тушуниш доирасида ривожланишидан манфаатдор эканликларини маълум қилишган. Вазир ўринбосари Мехмет Фатих Жейлан эса, ўзаро алоқаларнинг ривожланиши ҳар икки томон манфаатига хизмат қилишини таъкидлаб, 2013 йилда бу борада аниқ қадамлар қўйилишини билдиргн.

Ишчан муҳитда бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар кўриб чиқилган, ҳамкорлик соҳалари бўйича фикр алмашилган ва келгусида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклифлар киритилган. Томонлар шунингдек минтақавий ва халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилганлар.

Туркия делегацияси Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан ҳам қабул қилиган. Самимий руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан ҳар икки томоннинг ҳам манфаатдор эканлиги, энг аввало иқтисодий, савдо, туризм, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва қатор бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги таъкидлаб ўтилган. Бу борада Туркия делегациясининг сиёсий маслаҳатлашувлардаги таклифларига ижобий қаралгани маълум қилинади.

Вазир Абдулазиз Комилов икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2013-2015 йиллар учун мўлжалланган ҳамкорлик режасининг тайёрланиши, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Ахмет Давутўғлунинг Ўзбекистонга ташрифи, Қўшма иқтисодий комиссия йиғилишининг ўтказилиши, Автомобиль Транспорти Бўйича Қўшма Комиссиянинг иккинчи йиғилишини 2013 йилнинг баҳор ойларида Анқара шаҳрида ўтказилишига доир масалаларга ижобий фикрлар билдирилган.

Делегация аъзолари шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Камолов ва Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Ж. Мирзааҳмедов билан музокаралар ўтказган. Туркия делегацияси раҳбари Мехмет Фатих Жейлан томонидан “Минтақавий интеграциялашган транспорт коридорлари лойиҳаси” номли слайд материали тақдим этилган бу учрашувда икки давлат ўртасида савдо, туризм ва транспорт коридорлари соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари масалаларида ўзаро фикр алмашинилган.

Туркия делегациясининг учрашув ва музокараларида Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Сертач Сўнмезай ҳам иштирок этган.

Манба: www.uz.ca-news.org