Ўзбекистон мусулмонлар идораси “қиёмат қойим” ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка чақирди

 

 

IMG_7929Ўзбекистон мусулмонлари идораси сўнгги кунларда миш-мишга ўч, билимсиз кимсалар турли мантиққа тўғри келмайдиган сўзларни гапириб юришганини қайд этиб, бунга ишонмасликка чорлаган. “Ушбу маълумотнинг тутуриқсиз кимсалар тарқатаётгани маълум бўлади. Аслида бундай бемаъни миш-мишларга муносабат билдириш ниятимиз йўқ эди. Аммо унинг мавзуси бўлмиш Қиёмат қойим бўлиши ақидавий масала бўлгани учун, бу тутуриқсиз гапларга халқимиз орасида ҳам ишонганлар ва уни тарқатиб юрганлар топилиб қолгани учун бироз тушунча беришга жазм қилдик”, дейилади идора расмий сайтидаги маълумотда.

Унда қайд этилишича, барча ақида китобларимизда Қиёматнинг қачон қойим бўлиши ёлғиз Аллоҳ таолога аёнлиги ёзиб қўйилган. Аллоҳ таборака ва таоло бешта нарсани ҳеч кимга, ҳаттоки пайғамбарлару муқарраб фаришталарга ҳам билдирмай, Ўз ғайб илмига яширган. Шулардан бири Қиёматнинг қачон қойим бўлишидир. Бу ҳақда Қуръони каримда кўплаб ояти карималар бор. Жумладан, бундай марҳамат қилинади: “Сиздан (эй Муҳаммад!)қиёмат ҳақида, унинг қачон қоим бўлишини сўрашади. Айтинг: “Унинг илми Раббим ҳузуридадир. Унинг вақти (келгани)да уни Ўзи билдиради. (Қиёмат) осмонлар ва Ерга оғирлик (тушкунлик) қилур. Сизларга (у)тўсатдан келиб қолур”. Сиздан гўё у ҳақда вакил (хабардор бўлганингиз)дек сўрашади. Айтинг: “Унинг илми (аниқ маълумоти) Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар” (Аъроф, 187).

“Дарҳақиқат, қачон бўлишини ҳеч ким билмайдиган нарсани фалон куни бўлади, деб ваҳима қилиб юргандан кўра, савобли ишларни кўпроқ бажариш зарур, деб хулоса қилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.