Ўзбекистонда чет тилларни ўрганиш биринчи синфдан бошланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш оид қарори эълон қилинди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида 51,7 минг нафардан зиёд чет тиллар ўқитувчилари тайёрланди, умумтаълим мактабларининг 5-9 синфлари учун инглиз, немис ва француз тиллари бўйича мультимедиа дарсликлари, бошланғич синфларда инглиз тилини ўрганиш бўйича электрон ресурслар тайёрланди, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда 5 мингдан кўпроқ лингафон кабинетлари жиҳозланди.

Шу билан бирга, чет тилларни ўрганишни ташкил қилишнинг амалдаги тизимини таҳлил этиш шуни кўрсатмоқдаки, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар замон талабларига, хусусан, илғор ахборот ва медиа-технологиялардан фойдаланиш борасидаги талабга тўлиқ жавоб бермаяпти. Таълим асосан анъанавий услубларда олиб борилмоқда. Таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш янада такомиллаштирилишини тақозо этади.

Президентнинг қарори билан 2013/2014 ўқув йилидан бошлабреспубликанинг барча ҳудудида чет тилларни, асосан, инглиз тилини ўрганиш умумтаълим мактабларининг биринчи синфларидан ўйин тарзидаги дарслар ва оғзаки нутқ дарслари шаклида, иккинчи синфдан бошлаб эса, алифбо, ўқиш ва грамматикани ўзлаштиришдан босқичма-босқич бошланади.

Олий ўқув юртларида айрим махсус фанларни, хусусан, техник ва халқаро мутахассисликлар бўйича ўқитиш чет тилларда олиб борилади;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази таркибида Чет тилларни билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси ташкил қилинади. Марказ ходимларининг сони 12 кишига кўпайтирилади.

Чет тиллар ўқитувчилари ва муаллимларига қонун ҳужжатлари билан белгиланган рағбатлантирилувчи тўловлар ва қўшимчаларни ҳисоблашда, уларнинг лавозим маошлари таркибига киритган ҳолда қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида уларнинг тариф ставкаларига 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз ставкалари миқдоридаги ҳар ойдаги қўшимчалар қўшиб берилади.

SHARE