Ўзбекистонда Қуръони каримнинг улкан нусхаси яратилди

Самарқандлик моҳир ҳаттот Шавкат Истамов беш йил давомида Қуръони каримнинг дунёдаги энг катта қўлёзма нусхасини яратди.

«Гиннеснинг рекордлар китоби»дан жой эгаллаши мумкин бўлган ана шу улкан китобнинг бўйи 1,5 метр, эни — 86, қалинлиги 10 см.дан иборат. 311 варақ, 622 саҳифадан иборат бўлиб, оғирлиги юз килограммни ташкил этадиган Қуръон нусхаси ҳаттотнинг биринчи иши эмас. У бундан ўн йил илгари бўйи 1 метрга яқин, оғирлиги эса 40 килограмм бўлган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхасини ҳам яратган эди.

— Самарқанд давлат қўриқхонасида бундан 300 йил олдин номаълум ҳаттот томонидан яратилган қўлёзмани кўриб бу ишга бел боғладим, — дейди Шавкат Истамов. — Аммо бу китоб мен яратган Қуръон нусхасидан ўн марта кичикдир.

Асли касби инженер-механик бўлган Шавкат Истамов кўп йиллардан бери мумтоз адабиёт намояндаларининг машҳур асарларини араб ёзуви асосида ўзбек ва форс тилларида китоб ихлосмандларига тортиқ этиб келмоқда. У ҳаттотлик ишини 1995 йилда «Ҳафтияк»нинг араб имлосидаги нусхасини яратишдан бошлаган эди. Кейинроқ буюк мутаффаккир Алишер Навоий, Абу Абдуллоҳ Рудакий, Хофиз Шерозий, Пахлавон Маҳмуд, Умар Ҳайём асарларининг ўзбек ва форс тилларидаги қўлёзмаларини ҳам тайёрлади. Бу қўлёзмаларни ўқувчи ўнг томонга варақлаганда араб имлосида, чап ёнга варақлаганда кирилл ёзувида ўқиши мумкин. Шуни айтиш керакки, ҳаттот араб ёзувидан тортиб, безак ишларигача ўзи бажаради. Айни кунларда у Қуръоннинг ички ва ташқи безаклари устида ишламоқда.

Муаллиф: Муҳаббат Равшанова.