Ўзбекистонга яна совуқ келяпти

Бу йилги декабрь ҳароратнинг кескин ўзгариши бўйича рекордлар ўрнатишда давом этмоқда.

tashkent-in-snow2Ўтган ҳафтанинг иккинчи ярмида, етти кунлик ҳақиқий қиш совуқларидан кейин, республика бўйлаб об-ҳаво ҳарорати кескин илиб кетди. 20 декабрдан бошлаб кундузи ҳаво ҳарорати тезлик билан мусбат кўрсаткичларга кўтарилиб, охирги кунларда +5 +10 даражага, баъзи жойларда эса 12-15 даражага етди. Юқори ҳароратлар ва дам олиш кунлари ёққан ёмғир Ўзбекистоннинг текислик ҳудудларидаги қор қопламини эритиб юборди.

Яқин кунларда республика аҳолисини ҳавонинг кескин совуб кетиши кутмоқда – 25-26 декабрь кунлари мамлакат бўйлаб қорга айланадиган ёмғирлар бўлиб ўтади, 27 декабрда эса Ўзбекистоннинг жануби-шарқий қисмида, хусусан Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида, Фарғона водийсида ва Бухоро ҳамда Навоий вилоятларининг жанубий туманларида қор кўринишидаги ёғинлар сақланиб қолади.

Эртадан бошлаб кундузи ҳаво 2-7 совуқни кўрсатади, 27-29 декабрь кунлари кечаси эса совуқ -10 -15 даражага етади. Бу сафарги совуқлар, олдингисидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг энг жанубий ҳудудларини ҳам қамраб олади.

Якунланаётган йилнинг охирги икки кунида ҳарорат яна кўтарила бошлайди. Кечаси совуқлар сусаяди, кундузи эса ҳаво 5-7 даражагача исийди.

Manba: www.anons.uz