Жерар Депардье Ўзбекистонга ташриф буюрди

Машҳур француз актёри Жерар Депардье янги кино лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. 26-29 ноябрь кунлари актёр Тошкент, Бухоро ва Самарқандда бўлди, деб хабар беради Олам.ўз.

“Мен учун Ўзбекистон буюк миллат, лол қолдирадиган табиат, табиий бойликлар ва ҳамма нарсада хотиржамлик ҳис қилинадиган мамлакатдир, — дейди Жерар Депардье ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан. – Бу ерда мен “минг бир кеча” эртагини кўргандай бўламан. Сизда бой маданият ва тарих бор, энг асосийси эса, буларнинг ҳаммасини қадрлайсизлар!”.

Ўзбекистондан олган таассуротларидан ташқари, актёр бўлғуси режалари билан ҳам ўртоқлашди, хусусан Ўзбекистонда амалга ошириладиган ҳамкорликдаги кино лойиҳаси тўғрисида гапириб берди.

“Буюк Ипак йўли ҳар доим кўпчилик учун қизиқарли бўлган. Хитойликлар қадимда ипакни ўйлаб топишган, унинг рецептига ҳамма қизиққан, ўз вақтида уни қиймати бўйича ҳатто нефтга ҳам тенглаштиришган. Лойиҳага тўхталадиган бўлсак, Гулнора Каримова Акбар Ҳакимов билан биргаликда бу воқеани тиклашга қарор қилишди. Фикримча, ўша пайтларни кўрсатиш ва ипакнинг яралиш сирини тушуниш – бу ажойиб ғоя. Ўз навбатида, бу мен учун ҳам жуда қизиқарли ишдир!”, – дея қайд этади Депардье.

Машҳур актёр “Оқ пилланинг ўғирланиши” деб номланувчи кўп серияли тарихий фильмда қатнашади. Кинолойиҳа тафсилотлари муҳокама қилинмоқда, аммо Депардье унда византиялик император ролини ўйнаши кутиляпти. Ипакка бағишланган фильм синопсиси Фонд Форум Васийлик кенгашининг раиси Гулнора Каримова ва санъатшунослик фанлари доктори, академик Акбар Ҳакимовнинг оригинал ғоясига асосланган.

Шунингдек, француз актёри Гулнора Каримованинг ижодий фаолияти билан боғлиқ лойиҳаларнинг бирида ҳам қатнашади. Бир неча кун олдин Жерар ва Гулнора овоз ёзиш студиясида ишлашди. Бу ҳақда Гулнора Каримованинг Twitter микроблогидаги расмий аккаунтида ҳам сўз борди. Фотосуратларга ёзилган изоҳларга қараганда, Депардье Каримованинг шеърларини ўқийди.

SHARE