Йил мураббийи — Миржалол Қосимов, энг яхши футболчи — Санжар Турсунов

the-uff.com
the-uff.com

2012 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов эса ўз фаолиятида биринчи марта йил мураббийига айланди.

ЎФФ матбуот хизмати 2012 йил давомида, ОАВ ўртасидаги ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ойнинг энг яхши футболчиларини аниқлаб келган эди. Ойлик сўровномалар якунига кўра, йил давомида ОАВ жами 52 нафар футболчи ва 25 нафар мураббийга овоз берганликлари маълум бўлди.

2010 йил май ойидан бери Тошкентнинг «Бунёдкор», 2012 йилнинг июнь ойидан эса Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилиб келаётган Миржалол Қосимов ўз фаолияти давомида биринчи марта йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди. ОАВ ходимлари Қосимов номзодини 133 марта биринчи, 26 марта иккинчи, 15 марта эса учинчи ўринга муносиб деб кўрсатишди, якунда 42 ёшли мутахассис 466 очко тўплагани ҳолда, энг яқин таъқибчиси, ўсмирлар ўртасидаги 2012 йилги Осиё чемпионатида ғолиб чиққан Ўзбекистон U-17 ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевни 182 баллга ортда қолдирди.

2012 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ОАВ ходимлари Санжар Турсуновни 111 марта биринчи ўринга, 39 марта иккинчи ўринга ва 21 марта учинчи ўринга номзод сифатида кўрсатишди, бунинг натижасида ярим ҳимоячи 321 балл тўплаб, энг яқин таъқибчиси – Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Махачқалъанинг «Анжи» клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовни 80 очкога, сўровномада учинчи бўлган миллий терма жамоа ва Қозоғистоннинг «Иртиш» клуби ҳужумчиси Улуғбек Бақоевни 159 очкога ортда қолдирди.

2012 йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийини аниқлаш бўйича ОАВ ходимлари ўртасидаги сўровнома 7 январь куни бошланиб, энг сўнгги овозлар 18 январь куни Тошкент вақти билан 18:00гача қабул қилинди. Бу йилги сўровномада матбуот, радио ва телевидение, Интернет ОАВда, футбол клублари, ҳудудий футбол федерациялари ва бошқа идоралар, умумий ҳисобда, 74 ташкилотда фаолият олиб бораётган ходимлар, шунингдек, мустақил журналистлар ва блоггерлар, жами 184 нафар ОАВ ходимлари иштирок этишди.