Жиззахда махсус индустриал зона барпо этилади

Юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистонда ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ янги махсус индустриал зона барпо этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлиги таклифи асосида Жиззах вилоятида Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида филиали бўлган “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилади.

“Жиззах” МИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимлигининг бевосита тасарруфида бўлади ҳамда “Жиззах” МИЗ Маъмурий кенгаши билан келишилган ҳолда ажратилади.

“Жиззах” махсус индустриал зонаси ички ва ташқи бозорларда рақабатбардош бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш,  махсус индустриал зонага кирувчи минтақаларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, минерал-хомашё ресурсларини ва қишлоқ хўжалик хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш, махсус индустриал зона ва умуман республика корхоналари ўртасида мустаҳкам кооперацион алоқалар ўрнатиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий хомашё ва материаллар негизида юксак технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, “Жиззах” МИЗ ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилманинг жадал ривожланишини ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш каби фаолият йўналишларида иш олиб боради.

“Жиззах” МИЗнинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин. Ушбу муддат мобайнида унинг ҳудудида махсус солиқ тартиби ва божхона имтиёзлари амал қилади.

“Жиззах” махсус индустриал зонаси қатнашчилари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида “Жиззах” МИЗ ҳудудига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинади.

Мазкур имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга берилади, шу жумладан эквиваленти:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 3 йил муддатга;

3 миллион АҚШ долларидан ортиб 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 5 йил муддатга;

10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга берилади.