Дунё нигоҳида ов — Бостон трагедиясининг хотимаси

Dzokhar-Tsarnaev-g_2541222b

Узоқ давом этган амалиётдан сўнг Бостон терактларини содир этганликда айбланаётган 19 яшар Жоҳар Царнаев қўлга олинди.  Қирғизистондан бўлган чеченистонлик Царнаев Бостон атрофидаги Уотертаунда ҳибсга олинган.

У акаси Темурлан билан Бостон терактларини уюштирганликда гумон қилиниб, полиция томонидан қидирувга берилади, жума куни эрталаб полицияга қаршилик кўрсата бошлади. Полиция билан ўқ отишга киришиб кетган ака-укалардан Темурлан воқеа жойида ҳалок бўлади, Жоҳар эса пиёда ҳолда воқеа жойидан яширинади. Шуни айтиш керакки, бу бутун шаҳарни қамраб олган ўта жиддий полиция амалиётига олиб келди.

Федерал тергов бюроси Темурлан Царнаевни 2011 йилда бошқа давлат сўровига биноан сўроқ қилган, аммо қайси талаб бундай талабни қўйгани ошкор қилинмаган. ББСнинг ёзишича, бундай талаб Россия томонидан билдирилган бўлиши мумкин. Чунки у бир неча марта Чеченистонга борган.

Ака-ука Царнаевлар 10 йилдан бери АҚШда истиқомат қилишади. Жоҳар Америка фуқаролигини қабул қилган, Темурлан эса доимий яшаш ҳуқуқига эга эди.

Федерал тергов бюроси агентлари Темурланнинг почтасини текшириб, экстремистлар билан боғлиқни кўрсатувчи далилни топа олишмаган.

Барак Обама Россия президенти Владимир Путин билан мулоқотда Бостон терактини тергов қилишда рус хавфсизлик хизматлари яқиндан ёрдам берганлигини қайд этган.

Жоҳар Царнаев ҳибсга олингач, Массачусетсдаги касалхонага оёқ ва бўйиндаги жароҳатлари билан ётқизилган. У кўп қон йўқотган. Бостон полициясига кўра, улар гумондорларни имкон қадар тириклай қўлга олишга уринишган.

Жоҳар Уоттертаундаги дарёда турган қайиқда яшириниб олган. Кейинчалик уни қайиқ эгаси топиб олган. Шаҳар ҳокимияти аҳоли вакилларига кўчага чиқмаслик бўйича кўрсатма берган эди.  Жоҳарнинг қўлга олинишини миллионлаб кишилар катта ҳаёжон билан қабул қилишди.

Чунончи, “Қўлга олинди. Ов тугади. Қидирув тўхтатилди. Террор тўхтади. Адолат қарор топди. Гумондор қўлга олинди”, деган Бостон полициясининг твиттердаги аккаунтидан ёзилган твитни 100 минг нафардан ортиқ ретвит қилишди.

Царнаевларнинг отаси Анзор Царнаевнинг айтишича, унинг ўғилларини махсус хизмат вакиллари ўз мақсади йўлида ишлатишган. Унга кўра, Жоҳар тиббиёт соҳасида ўқиётган бўлган, келажакда нейрохрирург бўлишни ният қилган.