Бобур Усмонов ҳақида яқинлари муносабат билдирди

Бобур Усмоновнинг рафиқаси Диёра, онаси Лола, синглиси Гулнора (Ганя) shov-shuv.uz
Бобур Усмоновнинг рафиқаси Диёра, онаси Лола, синглиси Гулнора (Ганя) shov-shuv.uz

Ўзнетда шоу-бизнес фаолиятини ёритишга ихтисослаштирилган shov-shuv.uz сайти яқинда автоҳалокат натижасида вафот этган Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов ҳақида оила аъзолари, яқинларининг фикр-мулоҳазаларини эълон қилди.

“Бобур Усмонов. Бу исм-шариф бир мудҳиш автоҳалокатдан кейин одамлар оғзига тушди. Энг машҳур эслатма: “Алишер Усмоновнинг жияни!” Интернет нашрлари “иши юришгандай” бўлди. Ҳамма нималарнидир ёзишга киришди. Гўё бу автоҳалакат борасида бир учқун топилса, оловлатиб, “қаҳрамон”га айланишса! Таъбир жоиз бўлса, мудҳиш воқеа куни ютрдошларимиз орасидаги бош мавзу “Бобур Усмоновнинг ўлими” бўлди. ОАВлари Бобурнинг “Мустанг Форд”и таъмирлаб бўлмайдиган аҳволга келгани, унинг ўзи ва машинадаги яна бир пассажир ҳам воқеа жойида кўз юмгани ҳақида тинмай ёзди”, деб ёзади сайт муаллифи Жасур Ҳамроев.

“Орадан оз фурсат ўтмай, улар иккиси ҳақидаги уйдирмалар ва бошқа миш-мишлар болалади. Ҳалок бўлганларнинг қонга беланган ҳолати интернет орқали тарқаб кетди. Ким ачинди, ким эътиборсиз бўлди, яна ким қаттиқ қайғуга ботди, бошқа биров “тўқлиққа шўхлик” деди… Ваҳоланки, у кимнинг жияни, кимнинг куёви, кимларнинг дўсти бўлишидан қатъий назар Яратгганинг бир бандаси, одам боласи эди”, деб куюнчаклик қилади ўзбекистонлик журналист.

Сайтнинг ёзишича, бир инсон тақдири, кутилмаган аянчли ҳодиса ҳақида оғзимизга келганини гапиришдан, ёзишдан, тарқатишдан олдин ўйлаб кўришимиз керакмиди, ахир ҳаётдан кўз юмган бир ватандошимиз ҳам ота-онанинг фарзанди, севимли ёр, меҳрибон ота, қадрдон дўст эди.

“Уларнинг қалбида нима кечаётгани билан ҳам ҳеч қизиқдикми? Кўзёшлари, қалб оғриғини ҳис қила олдикми? Қўл телефонларига тарқаб кетган кўнгилни зир титрагувчи автоҳалокат суратларидан ким ҳузур қилади? Қуруқ миш-миш тарқатишга, эшитиб ҳам гуноҳ орттиришга сабаб бўлгунча, бир мўмин жанозасига бориб нарвон кўтариш хайрли эмасмиди?”, деб савол беради Жасур Ҳамроев.

Бобурнинг онаси Лола Усмонова ўғлини “ёрқин юлдузим эди” деб ёдга олади.

“Бу ёруғ оламда фақат унинг учун яшаётганлигимни, шунчаки борлигимни у билмасди. Афсусланарлиси, у ўзининг катта орзу-мақсадларини охиригача етказа олмади. Мени хавотирга солаётгани, энди бошқа ҳеч кимни ўғлим деб чақирмасам керак. У менинг ёрқин юлдузим эди. У ҳаётим мазмуни эди”, дейди у.

Бобурнинг синглиси Гулнора эса “у мен учун энг яхши ака эди ва шундай бўлиб қолади ҳам”, деб айтиб ўтган.

Унинг дўсти Азизбой эса Бобур ҳамкасблари учун нафақат дўст, балки ундан ҳам ортиқроқ – ҳақиқий қадрдон, туғишгандек бўлиб кетган киши эди, деб эслайди. “Бобур доимо ўз олдига қўйган мақсадларга интилувчи, уларга эришиш йўлида билими, заковати, кучини аямайдиган инсон эди. У ота-онасининг ажойиб ўғли, аёлини қадрловчи оила бошлиғи, фарзандининг меҳр-мурувватли отаси сифатида  оилавий қадриятларни ҳар нарсадан улуғ қўярди”, деб ёдга олади ўртоғи.