Чехлар Қамчиқ довонида темир йўл ётқизиш учун тоннель қазишга қизиқиш билдиришмоқда

997345_924615_metrostav1

12uz.com сайтининг Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига таяниб ёзишича, ушбу мамлакатнинг Metrostav a.s. компанияси Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида тақдимот ўтказган.

Тақдимот давомида темир йўл ва автомобиль ҳамда метрополитен тоннеллари соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланиш, кўприк, осма кўприк, темирйўл ва автомобиль шоссе йўллари сингари ижтимоий инфартузилма объектларини қуриш борасидаги тажрибаси намойиш этилган.

Элчихона матбуот хизмати қайд этишича, Metrostav a.s. компаниясида 3000 нафардан ортиқ мутахассислар ишлашади, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва компаниялари улар билан ҳамкорликка қизиқиш билдирган. Ташриф доирасида ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Синов тариқасида Ангрендан Попгача қурилиши режалаштирилаётган темир йўл лойиҳаси бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Наманган вилоятининг Поп туманини боғлайдиган темир йўл қурилишини маълум қилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу лойиҳани рўёбга чиқариш 2 миллиард долларга айланиши мумкин.

997347_924616_metrostav2

“Шу борада биз кўпдан буён ўйлаб юрган, бугунги кунга келиб рўёбга чиқариш имкони пайдо бўлган яна бир муҳим режамиз ҳақида сизларга ахборот бермоқчиман. У ҳам бўлса, Ангрен-Поп йўналишида умумий узунлиги қарийб 125 километр бўлган электрлаштирилган темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширмоқчимиз”, деганди Президент жумладан.

“Маълумки, Фарғона водийси мамлакатимизнинг темир йўл тармоқларига уланиш нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ажралиб қолган. Ҳозирги кунда темир йўл орқали водийга бориш учун қаердан ўтишга тўғри келишини сизлар яхши биласиз”, деб қайд этди Президент.

Шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда Фарғона водийси вилоятлари темир йўл қатновлари Тожикистон Республикаси ҳудуди орқали амалга оширилган. Аммо кейинги пайтларда икки давлат ўртасида айрим масалаларда саволларнинг туғилиши темир йўл алоқасини амалга оширишга ҳалақит бера бошлаган эди.

Ислом Каримовнинг айтишича, “…Бугунги кунда Фарғона водийсида 10 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. “Олтин водий” деб ном олган бу минтақани Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали боғлаш масаласини эътибордан четда қолдиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ”.

Айнан шу лойиҳанинг жорий этилиши Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимиз темир йўллари тизими билан ишончли асосда бевосита боғлаш имконини яратади. Шу тариқа бутун Ўзбекистоннинг ҳудуд ва минтақаларини қамраб оладиган ягона миллий темир йўл тармоғи барпо этилади..

“Бир пайтлар Ўзбекистоннинг электр, табиий газ тармоқлари, автомобиль йўллари бошқа давлатларнинг ҳудуди орқали ўтарди. Кейинги ўн йил ичида биз бу борада жуда катта ишларни амалга ошириш ҳисобидан ушбу коммуникацияларнинг барчасини ўз мамлакатимиз ҳудудидан ўтказишга эришдик. 2014-2015 йилларда темир йўл масаласида ҳам бу ишни албатта охирига етказамиз. Насиб этса, 2016 йилда мана шу темир йўл қуриб битказилиши билан водийга, жумладан, Андижонга поезд билан бемалол қатнаш имконига эга бўламиз”, деб қайд айтди Ислом Каримов.

Президент, шунингдек, “Керак бўлса, ўзим билан 2016 йил бошида сизлар билан поездга ўтириб, Тошкентга бораман”, деб қайд этиб ўтди.