Ўзбекистон Футбол федерацияси сайти хакерлар ҳужумига учради

Twitter - CloneSecurity- http---t.co-PIT2hgbDF5 - ...

Ўзбекистон Футбол федерациясининг расмий сайтлари Clone-Security хакерлар гуруҳи томонидан ишдан чиқарилган. Ушбу гуруҳнинг твиттердаги саҳифасидан шуни тушуниш мумкинки, улар буни Корея ва Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларидан кейин жаҳл маъносида содир этишган. Унда “ТЖ (Терма жамоа) ЖЧ(Жаҳон чемпионати)га чиқолмапти… Ҳа, чиқа олмайдиямда”, деб қайд этилган.

Хакерлар яна Миржалол Қосимовнинг суратидан фойдаланган ҳолда “Автогол зўр чиқди-а!?”, деб қайд этишган.

Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида сафарда Жанубий Корея терма жамоасига имкониятни бой берган эди. Учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Акмал Шораҳмедов ягона автоголи қайд этилган эди.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Озорбайжондаги элчихонаси расмий сайти хакерлар ҳужумига ҳам учраган. Хакерлар томонидан бузилган сайтда Ўзбекистон томонидан Тоғли Қорабоғни Арманистоннинг ҳудуди сифатида тан олгани ҳақидаги ахборот қолдирилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 30 январь куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси расмий сайти ҳам худди шундай хакерлар ҳужумига учраган эди. Kun.uz сайтининг ёзишича, ЎзМТРК сайтига Clone-Security номли, ўзини «ўзбек хакерлик гуруҳи» деб таништирган гуруҳ ҳужум қилган. Ҳужумдан сўнг ЎзМТРК сайтида хакерлар томонидан шундай ёзув қолдирилган (лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзувида, аслидагидек): “Sizlar xalqqa tarqatayotgan axborotlar yolg’on axborotlardir! Undan tashqari sayt umuman xavfsizlik talablariga javob bermaydi!”

BBCUzbekнинг ёзишича, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси мулозими бу хабарни рад этиб, ушбу ҳолат техник муаммолар бўлиши мумкинлиги, аммо сайт яхши ҳимояланганини айтган.