Ўзбекистонда меҳмонхоналар учун янги брон қилиш тизими ишлаб чиқилмоқда

    registan_bigЎзбекистонда меҳмонхоналарда жой брон қилишнинг янги тизими яратилмоқда. Унга кўра, welcomehotels.uz сайти (сайт ишлаб чиқилмоқда) орқали мижозларга хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.

    “Ўзбектуризм” миллик компанияси сайтида хабар берилишича, мамлакатда ҳозирги кунда сайёҳлик хизматларини, чунончи, жойлаштириш бўйича коллектив воситаларини брон қилишнинг ривожланган тизими йўқ. Меҳмонхоналарда номерларни брон қилиш бўйича хорижий тизимлар ички бозорнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олмайди, хорижлик тизимлар билан автоматик алоқа ўрнатиш эса бир мунча қийин.

    Янги лойиҳа ташаббускорлари эса меҳмонхоналарда яшовчиларни комплекс ҳисобга олиш бўйича портал ташкил этишни таклиф қилишмоқда. Унга кўра, меҳмонхоналардаги бўш жойлар ҳақидаги ахборотлар автомат тарзда қўйиб борилади, айни пайтда меҳмонхоналар тегишли маълумотни ўзлари ҳам киритиб бориши мумкин.

    Истиқболда ташкилий ва техник масалалар ҳал қилингач, онлайн тарзда, чунончи, мобиль иловалар ёрдамида брон қилиш ва тўловни амалга ошириш механизми жорий этилади.

    Миллий порталга жойлаштирилган ахборотдан хориж туристик хизматларини брон қилиш тизимлари ҳам фойдаланиши мумкин.