Тошкент давлат юридик институтига университет мақоми берилди

daryo.uz
daryo.uz

Тошкент давлат юридик институтига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги қарорига биноан, университет мақоми берилган ҳамда Тошкент давлат юридик университети деб номланган. Бу ҳақда daryo.uz сайти ўз манбасига таяниб хабар тарқатди. Шунингдек, қарорга биноан, Тошкент давлат юридик университети қуйидаги йўналишларда кадрлар тайёрлайди:

Давлат-ҳуқуқий фаолият;

Фуқаролик-ҳуқуқий фаолият;

Жиноий-ҳуқуқий фаолият;

Халқаро ҳуқуқий фаолият;

Тадбиркорлик-ҳуқуқий фаолият (бизнес ҳуқуқи).

Шу билан бир қаторда, Президент қарорида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти негизида ТДЮУ қошида Ҳуқуқий тадқиқот маркази ташкил этилиши белгиланган.

Тошкент давлат юридик институти 1991 йил 15 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, Тошкент давлат университетидан (ҳозирги ЎзМУ) ажралиб чиққан эди.

Шу пайтга қадар институтда учта факультет ва магистратура бўлими фаолият юритарди. Ўқиш рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Талабалар сони 2044 нафарни ташкил қилади. Улардан 1782 нафари бакалавриат йўналиши бўйича, 258 нафари магистратура йўналиши бўйича таълим олади.

Эслатиб ўтамиз,2013 йил 11 июндаги “2013/2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан, Ўзбекистон миллий университети ҳамда Самарқанд давлат университетларининг “Ҳуқуқшунослик” факультетларига талабаларни қабул қилиш квотаси ажратилмаган. Яъни ушбу йилда юқоридаги факультетларга қабул жараёни ўтказилмайди.