Тошкентда ёниб кетган автобус йўловчи ташимаган

    mezon.uz
    mezon.uz

    Маълумки, шу йилнинг 15 июнь Тошкент вақти билан 19:00 атрофида пойтахтнинг Олмазор туманидаги «Қорасарой» бекати яқинида Mercedez-Benz Conecto автобуси ёниб кетган. Ёнғин натижасида ҳеч ким жабр кўрмаган – йўловчиларнинг барчаси автобусдан тушиб қолишга улгурган. Ёнган автобус қайси йўналишда ҳаракат қилиши ҳақида маълумот берилмаган. Бу ҳақда интернет манбалари ҳамда ижтимоий тармоқлар изчил хабар тарқатган.

    Mezon.Uz интернет-нашрининг ёзишича, воқеа жойига ёнғинни ўчириш бўйича тезкор гуруҳ етиб келган, бироқ автобус салони тўлиқ ёниб кетган. Ёнғинга нима сабаб бўлгани ҳақида расмий изоҳ берилмаган. Гувоҳлар берган маълумотларга кўра, фалокатга двигателнинг қизиб кетгани сабаб бўлган. Айни вақтда ҳодиса юзасидан расмий тергов-суриштирув ишлари бошланган.

    Uz24.uz сайти мазкур масала юзасидан автобус тегишли бўлган 3-автобус парки бош муҳандиси Бахтиёр Шишахўжаевга таяниб хабар беришича, аввало, автобус йўловчи автобуси бўлмаган ва у навбатчиликда турган. У йўналишда бўлмасдан, балки бошқа жойга олиб ўтилаётган бўлган. Аниқланишича, ёнғин ёнилғи етказиб берадиган трубанинг дарз кетишидан келиб чиққан. Чунки кичкинагина учқун ҳам бундай шароитда ёнғинга сабаб бўлиши мумкин эди. Аммо қурбонлар бўлмаган, ёнғинни тезликда ўчириш уддасидан чиқишган. Келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча автобуслар жиддий техник кўрикдан ўтказилади.

    Муҳандис, шунингдек, яна бир муаммони айтиб ўтган. Унинг фикрича, аксарият автобуслардан узоқ муддат давомида фойдаланиб келинмоқда. Айримларига аллақачон 10 йилдан ошган.

    “Умид қиламизмизки, яқин кунларда автопаркимиз сезиларли даражада янгиланади ва хавотирланишга ўрин қолмайди”, деди у, жумладан.