Ўзбекистон ва Хитой йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линияни қуради

    Синьхуа
    Синьхуа

    Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин меҳмон бўлиб турибди. Ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга тушириш тамойиллари тўғрисидаги битимга қўшимча протокол йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилишини назарда тутади, деб хабар беради ЎзА.

    «Синьхуа» ахборот агентлиги хабарида келтирилишича, Ислом Каримов энергетика соҳаси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликда устувор йўналиш ҳисобланишини қайд этган. Ўзбекистон мустаҳкам энергетика йўлаги бўлиш учун газ қувурини қуради.

    Мамлакатлар ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ўзбекистон Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди. Ангрен-Поп йўналиши бўйича темир йўл қурилиши бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлади.

    Бу йўл Хитойнинг Жанубий Осиё мамлакатларига тўғридан-тўғри чиқиши учун имконият яратади. Жорий йилнинг июнь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси ва Хитойнинг «China Railway Tunnel Group» компанияси ўртасида довондан туннель орқали ўтадиган Ангрен-Поп темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиши билан хитойлик ҳамкорлар иштирокида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.