Ўзбекистоннинг энг янги тарихи: нега яқин ўтмишни қадимги давр тарихидан кўра ёмонроқ биламиз?

images (29)

Ўзбекистоннинг янги тарихи қайта ёзилади. Яқинда “Uzbekistan Today” газетасида эълон қилинган ахборотда келтирилишича, Ўзбекистон янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон янги тарихи бўйича мувофиқлаштирувчи-услубий маркази Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу ишга киришади.

Айтилишича, жорий йилда мутахассислар томонидан 10дан ортиқ мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари учун чиқарилган Ўзбекистон энг янги тарихи бўйича китоблар экспертизадан ўтказилган. “Экспертлар дарсликлардаги факт ва воқеалар нечоғли ҳақиқатга тўғри келиши юзасидан холис баҳолашни ўтказишди”, дейилади ахборотда. Маълум бўлишича, ҳар бир қўлланмага эътирозлар билдирилган.

Истиқболда бундай қўлланмалар чоп этилишидан аввал тегишли тартибда экспертизадан ўтказилиши кераклиги мутахассислар томонидан қайд этилган.

 “Uzbekistan Today” бошқа бирор аниқ маълумотни келтирмайди. Саволлар кўп: аввало, ўша экспертлар кимлар? Қандай эътирозлар бор? Эътироз факт ва рақамларга билдирилганми ёки ғоявий жиҳатданми? Бу саволларни риторик саволлар тариқасида қабул қилиш керак, бизнингча.

Шу ўринда бир мисол. Қизи академик лицейда таълим олаётган тошкентлик аёл тарих дарсликларида чалкашликларнинг жавобини топишда ёрдам сўраб «Даракчи» газетасига мурожаат қилган. Мавзуга яқин бўлгани учун ушбу мурожаатнинг Ўзбекистон энг янги тарихига оид эътирозларни эътиборингизга ҳавола этсак: Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг II курс ўқувчилари учун мўлжалланган «Ўзбекистон тарихи» китобида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан 1995 йилда 34 жилдлик, 450 минг бедарак йўқолган жангчининг номи келтирилган «Хотира» китоби нашр этилгани ёзилган. Айни вақтда, I курс ўқувчилари учун мўлжалланган «Ўзбекистон тарихи» дарслигида 400 мингга яқин бедарак йўқолган ватандошларимиз номи қайд этилган «Хотира» китоби 33 жилдда нашр этилгани ёзилган.

II курс ўқувчилари учун мўлжалланган «Ўзбекистон тарихи» китобининг 76-бетида «Ўзбекистон Республикасида байрам кунлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган сана1992 йил 3 июль деб, 34-бетида эса 1992 йил 2 июнь деб берилган бўлса, «Эл-юрт ҳурмати» ордени таъсис этилган сана китобнинг 33-бетида 1998 йил 28 август, 319-бетида эса 1998 йил 17 август деб берилган. «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури» ҳақида қабул қилинган қонунлар 76-бетда 1997 йил 27 август дея берилган бўлса, 318-бетда 1997 йил 29 август деб кўрсатилган.

«Тўғри, тарих ҳар доим ҳам аниқ саналарни бера олмайди, лекин бу саналар шу фандан тест топшираётган ўқувчилар учун муҳимлигини унутмаган ҳолда, тендер асосида яратилаётган китобларга тарихчилар эътиборли бўлишлари лозим. Чунки ўқишнидавом эттириш истагида бўлган, Олий ўқув юртига кириш учун Давлат тест синовларида қатнашадиган ўқувчига юқоридаги каби саволлар тушса, уларнинг қайси бирини белгилаш лозимлигини билолмай қийналиши табиий», – дейилади «Даракчи»даги мақола сўнггида. Иқтибос Кун.uz’дан.

Албатта, тарих дарсликларида факт ва далилларнинг тўғри ва аниқ қўлланилиши исбот талаб қилинмайдиган вазифа. Аммо, шу нарса ҳам борки, тарихни ғоядан холи, мавжуд факт ва рақамлар таҳлили асосила тўғри ва холис ўргатиш ўта долзарб масаладир. Зотан, тарихнинг вазифаси ўтмишдан хулоса чиқиш ва шу асосда келажак мақсадларни белгилаб олишдир.

Аммо Ўзбекистон янги тарихини дарсликлар орқали ўрганган вакил сифатида шуни айтиш мумкинки, биз ҳали ҳам тарихдан тўғри хулоса чиқара олганимиз йўқ. Негаки, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ўта сиёсийлаштирилиб, ўқувчини бефарқ қиладиган даражада сифатсиз тайёрланганини инкор қилиб бўлмайди. Хўш, бу нималарда кўринади?

Тарихни ўрганиш ва унинг методик асосларини яратиш, аввало, нафақат илмий доираларнинг иши, балки кенг жамоатчилик экспертизасидан, муҳокамасидан ўтиши керак керак бўлган жараён ҳисобланади. Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш ва бу борада тегишли қўлланмаларни яратиш учун тегишли институционал ва ташкилий чоралар кўрилган, яъни тегишли марказлар, ишчи гуруҳ ва комиссиялар яратилган бўлса-да, бу вазифа тор доирада бўлиб қолди;

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг энг янги тарихини бўйича тегишли ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқишда, ёндашувда бир томонламалик яққол кўзга ташланиб қолди. Яъни Совет давридаги тарихни факт ва мисоллар асосида таҳлил қилиш, унинг юзага келиши ва Ўзбекистоннинг ундан кўрган зарарини мисоллар асосида исботлаб бериш ўрнига уни ёппасига қоралаш, компартияни ёмонлашга урғу кучайтирилди. Дейлик, шўро даври тарих китобларида ёмонланган тарихий тенденциялар бошқа шаклда мустақиллик даври тарихи китобларида ёмонлана бошланди.

Учинчидан, тарих фан сифатида мавжуд факт ва далиллар асосида шакллантирилиб, ўқитилса-да, унинг очилмаган қирралари, кўпчиликка маълум бўлмаган жиҳатлари турли мақолалар, рисолалар, кўрсатувлар ёрдамида очиб берилади. Улар, албатта, фан сифатида ўргатилмаса-да, лекин мамлакат яқин ўтмишини чуқур таҳлил қилишга, ўша даврдаги вазиятни ҳис қилишга ёрдам беради. Масалан, 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларидаги жараёнларни акс эттирадиган, уларни бор-бўйи билан кўрсатиб берадиган манбалар йўқ. Энг эмони, уларни ўрганиш ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш бўйича ҳам дадил саъй-ҳаракатлар етишмаяпти. Бугунги МДҲнинг айрим мамлакатларида, хусусан, Россияда 90-йиллар тарихини ўрганишга, уларни ҳужжатлаштиришга жамоатчилик катта қизиқиш билдираётганини фикримизга исботдир. Ўзбекистонда фақат Президент асарларигина ўша даврнинг муҳитини очиб берадиган очиқ манба ҳисобланади.

Албатта, мамлакатнинг ғоявий мустақиллигини яратишда тарихдаги айрим факт ва далилларга кўпроқ урғу берилади, уларни улуғлаш ва тарғиб қилишга сиёсий даражада киришилади. Масалан, Амир Темурга ўзбек давлатчилигининг ғоявий манбаи сифатида қаралди ва бу қайсидир жиҳатдан тўғри ҳам. Лекин қайсидир факт, далил ёки шахсни улуғлаш баробарида тарихнинг бошқа фактларини кўрмасликка олиш, уларни фақат ёмонлаш тарих дарсликларининг самарадорлигини тушириб юборади. Зотан, тарих ўқувчи хулоса чиқариши учун керак, хулосани ўқиши учун эмас.

Умуман, кун тартибига тарих дарсликлари сифати масаласи чиққанини ижобий баҳолаш лозим. Зотан, тарих бизнинг келажак мақсад ва режаларимизни тўғри ва аниқ қўйишимизнинг ягона асосидир.

Мурод ҒОФУРОВ