Тожикистон Ўзбекистондан газ сўради

727411-450x289

Тожикистон тарафи Ўзбекистон билан газ соҳасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, келгуси йил учун газ харид қилиш ҳақида расмий хат билан мурожаат қилган. Бу ҳақда «Тожиктрансгаз» очиқ акциядорлик жамияти бош директори Сайдаҳмад Шарофуддинов маълум қилган. У Ўзбекистон тарафидан ижобий жавоб олишга умид борлигини таъкидлаган.

«Агар жавоб ижобий бўладиган бўлса, газ етказиб бериш бўйича шартнома масаласида музокараларни бошлаймиз», — деди тожикистонлик амалдор.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча газ миқдори ҳақида гапириш қийин. Бу масала Ўзбекистон ҳамда республика ичидаги истеъмолчиларга боғлиқ.  «Тожиктрансгаз» очиқ акциядорлик жамияти бош директорининг фикрича, газ нархи масаласи ҳам музокаралар натижасига бевосита таъсир ўтказади.

Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондан газ беришнинг тўхтатилиши натижасида аксарият Тожикистон корхоналари кўмирда ишлашга ўтган. Бугунги кунда мамлакатда 60дан ортиқ корхона ёнилғи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.