“Ватандош” жамияти қошида ташкил этилган тил курсларининг биринчи семестри ниҳоясига етмоқда. Шу муносабат билан Манҳеттен Компьютер технология мактабида ўқув чорагининг якунланиши ва янги йил байрами биргаликда нишонланди.
Тадбирда ўқитувчилар талабалар учун саҳна чиқишларини намойиш этди. Америкалик муаллимлар ўзбек миллий кийимларини кийиб, урф-одатларимиз акс этган ва тарихий мавзуларда роллар ижро этишди. Улар, шунингдек, АҚШда “Рождество” ва янги йил байрамларининг қандай нишонланиши ҳақида талабаларга гапириб берди.
Чиқишларда ўзбекистонлик ўқитувчилар, “Vatandosh” жамияти фаоллари ҳамда талабалар ҳам иштирок этди. Саҳна асарлари ва байрам табриклари барча йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Кечада талабалар учун байрам дастурхони ҳам ёзилди. Янги йил пироги ва бошқа тансиқ таомлардан ҳеч ким бебаҳра қолмади.
Қуйида байрам кечасидан олинган cуратларни эътиборингизга ҳавола этамиз.