Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг INHA университети филиали очилади

AEN20131219010800315_01_i-1

Яқин кунларда Тошкентда Жанубий Кореянинг INHA университети филиали очилади. Бу ҳақда Podrobno.uz ахборот агентлигига Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари қўмитасидаги манбасига таяниб хабар тарқатди.

Жанубий Кореядан февраль ойида университетнинг Тошкент филиалини ташкил қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни имзолаш учун махсус делегация ташриф буюради. Дастлабки маълумотларга кўра, Корея олий таълим муассасасида ўқиш фақатгина инлиз тилида икки йўналишда — компьютер ва дастурий инжиринг бўйича олиб борилади. Ўқитувчилар сифатида INHA университети вакиллари ҳам, маҳаллий мутахассислар ҳам жалб қилинади.

INHA университети 1954 йилда асос солинган бўлиб, Жанубий Кореядаги биринчи ва кўҳна олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда 13 та факультетида 56 ихтисослик бўйича 20 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади. Университет Жанубий Кореянинг энг яхши олий таълим муассасалари бешталигига киради.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Тошкентда 6 та хориж олий таълим муассасасининг филиали — Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодий академияси, Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети ҳамда Халқаро Вестминистер университети фаолият юритади.

Шуни қайд этиш керакки, 2013 йилнинг декабрь ойида  Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе билан учрашганда икки давлат ўртасида ахборот-коммуникация соҳасида, хусусан, “электрон ҳукумат”ни шакллантиришда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этиб, Тошкентда ахборот технологиялари соҳасидаги Корея университети филиали очилишига умид билдирган эди.