Ўзбекистон давлат бюджети даромади ва харажати қанча?

49fd2ef8061136bc194cc3a536814585

Ўзбекистонда давлат бюджетининг тўлиқ даромадлари ва харажатлари ҳақидаги батафсил маълумотларни очиқ манбалардан топиш анча мушкул.

Маълумки, 2014 йил 1 январидан Ўзбекистонда янги Бюджет кодекси амалиётга киритилди. Ушбу ҳужжатга кўра,  давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўғрисидаги ахборот, шунингдек, уларнинг ижроси тўғрисидаги ахборот ОАВда чоп этилиши, бундан ташқари, Ўзбекистон Молия вазирлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилиши ва янгилаб борилиши керак.

Яқинда Ўзбекистон Молия вазирлиги ана шу талаблардан келиб чиқиб, 2013 йилги Давлат бюджетининг ижроси бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, 2013 йилда Ўзбекистон бюджетининг даромадлар қисми 26 триллион 223,2 миллиард сўм (қарийб 12 миллиард АҚШ доллари)га тенг бўлган.

Kun.Uz’нинг ёзишича, бунинг ярмидан кўпини – 13 триллион 398,6 миллиард сўмни билвосита солиқлар ташкил этган. Жумладан, қўшилган қиймат солиғидан 7,552 триллион сўмдан ортиқ, акциз солиғидан 4,16 триллион сўмдан ортиқ, божхона божидан 1 триллион сўмдан ортиқ, жисмоний шахсларнинг транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газни истеъмол қилганлик учун солиқлардан 670 миллиард сўм даромад олинган.

2013 йили Ўзбекистон давлат бюджети бевосита солиқлардан 6 триллион 353,7 миллиард сўм даромад олган. Бунда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан 1,038 триллион, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун ягона солиқ тўловидан давлат бюджетига ажратмалардан 832,6 миллиард сўм, ягона солиқ тўловидан давлат бюджетига ажратмалар, шу жумладан, микрофирмалар ва кичик корхоналардан ажратмалардан 755 миллиард сўм, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқдан 415,6 миллиард сўм триллион сўм, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғидан 594,4 миллиард сўм, жисмоний шахслар даромадига солиқдан 2,717 триллион сўм пул тушган.

Давлат бюджетининг даромадлар қисмида ресурс тўловлари ва мулк солиғидан 3,888 триллион сўм пул тушган. Унга кўра, 1,011 триллион сўм мулк солиғидан, 583,4 миллиард сўм ер солиғидан, 2,19 триллион сўм ерости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқдан, 102,4 миллиард сўм сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан даромад олинган.

2013 йилги Ўзбекистон давлат бюджети ижросида 2,582 триллион сўмни бошқа даромадлар ташкил этади. Ушбу даромадлар тўғрисида Молия вазирлиги ахборотида батафсил маълумот берилмаган.

2013 йилда Ўзбекистон бюджетининг харажатлар қисми 25 триллион 833,7 миллиард сўмга тенг бўлган.

2013 йили Ўзбекистонда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари 15 триллион 167,8 миллиард сўмни ташкил қилган. Шундан 8,8 триллион сўм маориф соҳасига, 3,8 триллион сўм соғлиқни сақлашга, 287,4 миллиард сўм маданият ва спортга, 164,7 миллиард сўм фанга, 106,4 миллиард сўм ижтимоий таъминотга, 1,6 триллион сўм болали оилаларни ҳисобга олган ҳолда ижтимоий нафақаларга, 374,7 миллиард сўм эса қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурини биргаликда молиялаштириш кредит линияси харажатлари учун сарфланган.