Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилги облигациялар бўйича тўловни амалга оширади

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмини аҳолидан қабул қилиш бўйича қарор қабул қилди.

Молия вазирлиги ва Халқ банкининг “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган қўшма мурожаатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар ­Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги ­“Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмини чиқариш ва уни тарқатиш тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан, аҳоли ўртасида тар­қатиш учун Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли ­заёми облигациялари чиқарилган.

Облигациянинг чиқариш шартларига ­асосан, уларнинг амалдаги муддати 20 йил этиб белгиланган бўлиб, 2014 йилнинг 1 июлигача тўловлар талаб қилиниши мумкин.

Ддавлат томонидан аввал қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз ­бажариш, ­фуқаролар жамғармаларининг ­кафолатли ҳимоясини таъминлаш, аҳоли ишончини мустаҳкамлаш мақсадида ­2014 йилнинг 1 апрелидан 1 июлигача Халқ банкининг ваколатли бўлинмалари аҳолидан (Ўзбекистон Республикаси ­фуқаролик паспортини кўрсатган ҳолда) ­облигация эгалари номига “талаб қилиб олингунча” ҳисоб рақамини очиш ҳамда ­тасдиқланган хужжат бериш йўли билан ­облигациялар қабул қилинади.

Айни пайтда 2014 йилнинг 1 августидан 30 ноябрига қадар индексацияни ҳисобга олган ҳолда, пул маблағлари тўлаб берилади.

Белгиланган муддатларда тўловга ­берилмаган облигациялар ўз кучини йўқотади, тўловга қабул ­қилинмайди ва сўндирилмайди.

Ҳозирча ушбу облигациялар қанча миқдорда индексация қилиниши ҳақида маълумотлар берилмаган.