Фредерик Стар: Мусулмон оламига гапинг борми? Буни Марказий Осиёдан бошла

Ўн йилдан ошдики, АҚШ диний экстремизмга қарши уруш олиб бораётган бўлса-да, мусулмон дунёси билан яқин бўлишга, у билан тил топишишга, унинг буюк алломаларига ҳурмат бажо келтиришга интилиб келмоқда. Вашингтоннинг саъй-ҳаракатлари кўпроқ Яқин Шарққа қаратилган бўлиб, сезиларли натижага олиб келгани йўқ. Америкалик олим Фредерик Старнинг The New York Times газетаси колонкасидаги фикрича, америкаликлар Ислом динининг аслида ҳақиқий марказларидан бири бўлишга даъвогар бошқа бир минатақа — Ипак йўли бўйлаб жойлашган Марказий Осиё мамлакатларига эътибор қаратиши мақсадга мувофиқдир. Қуйида олимнинг мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сурия, Ироқ, Афғонистонда зўравонлик авж олаётган бир шароитда, Собиқ Иттифоқнинг аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон дунёвий жамият ҳамда бозор иқтисодиёти сари дадил қадам ташлаяпти. Улар ҳали кўп нарсани амалга ошириши керак бўлса-да, Ғарб уларнинг саъй-ҳаракатлари мусулмон оламини ўзгартириш учун ўзига хос модель вазифасини бажариши мумкинлигини англаб етиши керак. Зеро, Вашингтон маданий қадриятларга урғу беришда давом этар экан, бу айни муддаодир.

11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШнинг араб дунёсига диққатини қаратиши бежизга эмас. Боиси Яқин Шарқ ислом динининг қарор топишида асосий роль ўйнаган. Шундай бўлса-да, Макка, Мадина, Қоҳира, Қуддуснинг мусулмон олами учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳам мусулмонлар қалби ва шуурига етиб бориш учун айни ҳудуд эканлигини тахмин қилишга ундайди.

Президент Жорж Буш ҳам, Барак Обама ҳам араб дунёсининг инсоният маънавий ва илмий тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида бот-бот фикр билдиришди. Уларнинг иккаласи ҳам араб дунёсининг ҳақиқий Исломга, яъни интеллектуал бағрикенглик ҳамда дунёвий илмга эътиборини жалб қилишга уринди. Иккала президент ҳам буюк Рим қулашидан Европа уйғониш давригача бўлган асрларда буюк ижод маҳсуллари араб тилида ёзилган бўлса-да, араблар томонидан ёзилмаганини билишмаса керак.

Қарийб минг йил давомида Марказий Осиё савдога асосланган иқтисодиёт ҳамда Яқин Шарқ, Европа, Ҳиндистон, Хитой маданияти тўқнашадиган нуқта бўлган. Ҳеч ким Ипак йўли орқали Евроосиё бўйлаб тарқалган ғоялар, кашфиётлар, ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш ва такомиллаштиришда бунчалик қулай муҳитга эга бўлмаган.

Шуни ёдда тутиш керакки, узоқ асрлар давомида айнан Марказий Осиё — Араб Яқин Шарқи эмас — мусулмон оламининг интеллектуал ва сиёсий маркази бўлиб келган. Ислом динидаги иккинчи муқаддас китоб — “Пайғамбар сўзлари” — саҳиҳ ҳадислар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги Бухородан бўлган олим томонидан йиғилган ва китоб холига келтирилган. Айнан Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ислом динида кенг тарқалган кучли диний оқимлар ва йўналишларнинг, хусусан, суфизмнинг ватани ҳисобланади. Суфизм кейинчалик бутун мусулмон оламига тарқалган. Эрон, Туркманистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган Тус шаҳридан бўлган Абу Ҳамид Ғаззолийнинг ислом оламидаги ролини такрорлай олган олимлар, мутафаккирлар қарийб йўқ деса ҳам бўлади.

Марказий Осиё, шу билан бир қаторда, илм-фан ҳамда фалсафада ҳам буюк номларга эга бўлгани билан ғурурланишга ҳақли. Барак Обама 2009 йили Қоҳирадаги “Янги ибтидо” нутқида тилга олган Алгебра фани асосчиси ал-Хоразмий ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги Хоразмда таваллуд топган. Унинг номи араб тилида алгоритмга асос бўлиб, бугунги компьютер фанининг негизини ташкил қилади. Ўзбекистонда Ғарбда Авиценна сифатида машҳур бўлган Ибн Сино ҳам камол топган. Унинг  “Тиб қонунлари” Яқин Шарқ, Европа ҳамда Ҳиндистонда тиббиётнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Яна бир буюк олим ал-Фаробий Арастунинг мантиқ фалсафасини давом эттириб, мусиқа илми ҳақида тадқиқот олиб борган…

Албатта, бу олимларнинг барчаси араб тилида ижод қилишган. Аммо инглиз тилида ижод қиладиган япониялик инглиз бўлиб қолмайди-ку!? Уларнинг барчаси, яъни мусулмон оламининг инноваторлари бўлган олимлар, гарчи биз уларни араб деб ўйласак-да, асосан Марказий Осиёнинг форс, турк миллатига мансуб вакиллари ҳисобланади.

Бугун мустақилликни қўлга киритган ҳамда Ипак йўлини мерос қилиб олган мамлакатлар ўз тарихий ва маданий меросини тиклашга ҳамда тарихий ҳақиқатни қарор топтиришга уринмоқда. Аммо бу осон бўлмаслиги аниқ. Ушбу мамлакатларнинг аксариятида авторитар бошқаруви амалда бўлиб, улар Россия ва Хитой йўлидан юрмоқда. Марказий Осиё халқларида демократия тажрибаси етишмайди, этник можаролар ҳам сақланиб қолган. Яна бир жиҳати, ушбу мамлакатлар дунёвий давлатлар бўлиб, Яқин Шарқдаги давлатлардан кўра бошқа динларга анча бағрикенг муносабатда бўлади. Ушбу мамлакатлар иқтисодиёти барқарор ўсмоқда, таълим тизими ҳам дунёвий йўлда олиб борилади. Ҳар йили минглаб ёшлар хорижда таҳсил олмоқда. Улар ўз олий таълим тизимини Ғарб модели асосида ривожлантирмоқда, уларнинг аксарияти инглиз тилида иш олиб боришга уринмоқда. Буларнинг барчаси очиқ жамият қуриш учун интилиш сифатида баҳоланиши мумкин.

Афсуски, аксарият Марказий осиё мамлакатлари учун Америка фақат нефть ва газ манфаати орқасидан юрадиган мамлакат эмас. АҚШнинг 2014 йилда Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетиши ҳақидаги қарори Американинг минтақадаги таъсирини камайтиради. Айниқса, Америка ушбу минтақа учун ҳар доимгидан кўра кўпроқ керак.  Ҳадсиз эркинлик ҳадсиз таҳдидлар билан юради. Араб баҳори буни кўрсатди.

Буш ва Обама узоқ йиллар Яқин Шарқ, Покистон, Индонезия орқали ўз сўзларини мусулмон дунёсига етказишга интилмоқда. Бизнингча, Марказий Осиё бунда энг мақбул йўл. Албатта, бу билан Америка араб дунёсига камроқ эътибор қаратсин, демоқчи эмасмиз. Аммо эҳтимол исломнинг тинчлик ва интеллектуал салоҳияти ҳақидаги ўз маърузаларимизга қулоқ тутиб, уни бугун ўз ҳаётида имкон қадар татбиқ қилишга интилаётган жамиятларга мурожаат қилишнинг вақти етиб келгандир.

Фредерик Стар, Жон Хопкинс университети Халқаро алоқалар факультети раҳбари ҳамда Марказий Осиё Кавказ институти раиси, профессор