Сармоядорлар учун Ўзбекистон жозибасини йўқотдими?

Ҳокимиятнинг манбаси ва эгаси халқ бўлган демократик давлатларда хавфсизлик ва эркинлик ўртасидаги мувозанат доимо баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб келган.  Хавфсизлик ва эркинлик ўртасидаги мувозанат қандай қурилиши керак? Хавфсиз ва эркин фуқаровий жамият қандай бўлади?

Халққа бевосита ва билвосита вакиллик қилган давлат ҳокимиятлари ва органларининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг эркинлигини бузмаган ҳолда хавфсизлигини таъминлашдир.  Бу айтилиши ва талаб қилиниши осон,  лекин амалда ижро этиш анча қийин бўлган иш.  Бир томондан давлатнинг аҳоли хавфсизлиги учун,  баъзан ўз хавфсизлиги учун бир қанча эркинликларни чеклаб қўйиши автократик тузумнинг симптомларига ишора қилса,  иккинчи томондан демократия номидан халқ ва фуқаролик жамияти вакилларига мувозанатсиз эркинлик берилиши оқибатида мамлакат хаос ва бошбошдоқликка юз тутиши мумкин.

Ҳатто икки асрлик демократик бошқарувга,  дунёнинг энг қадим конституциясига эга,  ҳарбий тўнтарув ёки ички фуқаровий инқилобларга юз тутмаган,  дунёнинг кўп давлатларига қараганда иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан анча барқарор АҚШда ҳам бу ҳақдаги баҳслар ҳануз якуний хулосасини топмаган.  Шундай экан,  дунёнинг бошқа давлатлари,  Марказий Осиё,  хусусан,  Ўзбекистон учун,  айниқса,  бу мувозанатнинг олтин ўртасини топиш анча мушкул ва мураккаб ҳисобланади.

Эътиборни шахснинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланган иқтисодий эркинлик мавзусига қаратмоқчиман.  Ўзбекистон мисолини оладиган бўлсак,  бу масалада икки жараённи кузатиш мумкин.  Бир томондан Ўзбекистонни кенг иқтисодий имкониятларга эга давлат сифатида тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар – ташқи инвестицияни жалб қилиш,  хорижий бизнесларга кенг имкониятлар яратиш,  бу йўлда коррупцияни бартараф қилиш учун қўйилган конкрет қадамлар кўзга ташланса,  иккинчи тарафдан,  минг афсуски,  нафақат хорижий,  балки маҳаллий компания ва шахсларнинг мол-мулкини олиб, Ғарб,  хусусан,  Америкага отланаётгани ҳолатлари кўпайиб бораётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Нега бундай?

Ўзбекистондан ўз сармоясини олиб чиқиб кетаётганлар сонининг ошаётгани нимадан дарак беради? Бу Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик ҳуқуқи хавфсизликни таъминлаш ҳисобига паймол қилинаётганинини кўрсатмаяптими?

Охирги икки ой ичида Ўзбекистондан келган 3-4 тадбиркор билан гаплашиш имкониятига эга бўлдим.  Бу суҳбатларда аён бўлган бир нарса – Ўзбекистондан АҚШга оқиб келаётган пулларнинг хомаки ҳисоби тинчимни бузмади,  десам ёлғон бўлади.

Ўз исмининг махфий қолишини истаган ватандошларимиздан бирининг айтишича,  у Ўзбекистонда қурилиш соҳасида катта муваффақиятларга эришган,  қўл остида 50 нафар ишчиси бўлган.

“Аммо фирмамнинг кенгайиши баъзи амалдорлар “кришалик” қиладиган компанияларнинг “кўзига ботди”,  – дейди у.  – Натижада “хавфсизлик” чоралари кўрилиб,  турли найранглар билан мени бизнесдан сиқиб чиқаришди”.

Ушбу ватандошимиз бор-будини кўтариб Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.  У ҳозир АҚШда янги иш бошламоқчи.  Афсуски,  беқарор бозордан безиб Ўзбекистондан сармоясини олиб чиқиб кетаётган маҳаллий тадбиркорлар оз эмас.

Масаланинг асл астарини билмасдан туриб,  мавжуд воқелик ҳақида ҳукм чиқариш фикридан йироқман.  Лекин Ўзбекистонда ҳозир иқтисодий эркинлиги поймол бўлаётган юридик ва жисмоний шахслар судларда топталган ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши учун тўлиқ ҳуқуқий муҳофаза мавжуд дейиш ҳам соддаликдан бошқа нарса эмас.   Бу мавзуда ёзишимга туртки бўлган асосий омил жараённинг том тескарисини,  яъни Ўзбекистондан АҚШга эмас,  балки АҚШдан Ўзбекистонга сармоя оқиб боришини бошқа ватандошларимдек орзу қилишимдир.

Бир йил олдин америкалик олимлар,  тадқиқотчилар ёрдамида инглиз тилида “The Uzbekistan Times” номли журнал ташкил этган эдик.  Бундан асосий мақсадимиз Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини Америка халқига,  бизнес аҳлига тушунтириб,  ўзаро иқтисодий муносабатларда Ўзбекистон учун манфаатли муҳит яратишга ҳиссамизни қўшиш эди.  Ҳануз шу орзудамиз.

Бизга сармоя нима учун керак?

Ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётида хорижий сармоялар улуши катта аҳамиятга эга.  Улар маҳаллий бизнесларни жонлантиришда,  ишсизликни камайтиришда  ҳамда ишлаб чиқариш ва бошқа секторларни ривожлантиришда асосий вазифани бажаради.

Маълумки,  бир мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти бир қанча иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанади.  Улардан энг муҳими ялпи ички маҳсулот кўрсаткичидир.  ЙИМ (Ялпи ички маҳсулот) – бир йил давомида мамлакат ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматларнинг бозордаги қиймати бўлиб,  у нафақат мамлакатнинг умумий иқтисодий салоҳиятини ифодалашда,  балки инвесторларнинг сармоя олиб киришида,  давлатнинг бошқа давлат ёки ташкилотлардан қарз олишида,  ташқи бизнеслар билан шартномаларга киришида ҳам муҳим рол ўйнайди.

2012 йилда Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматларнинг бозордаги қиймати  51 миллиард АҚШ долларига тўғри келган.  Бу кўрсаткич Қозоғистонда 203 миллиард,  Туркманистонда 35 миллиард,  Тожикистон ва Қирғизистонда 6 миллиард АҚШ долларига тенг.

Халқаро валюта фондининг 2011 йилги ҳисоботида 45.32 миллиард долларлик Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 3.9 фоизини хорижий сармоялар ташкил этган.   Бу кўрсаткич Қозоғистон мисолида 7.3%,  Туркманистонда 11.35%,  Қирғизистонда 11.19%,  Тожикистонда эса 0.17 %дан иборат.

Шу ўринда АҚШ ва бошқа хорижий давлатларнинг Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларига киритган хорижий сармоялари миқдорининг умумий кўринишига қисқача тўхталиб ўтсак.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Кролга кўра,  АҚШ охирги 20 йил мобайнида Ўзбекистонга 500 миллион доллар миқдорида сармоя киритган.  АҚШ Президенти қошидаги Савдо вакиллик идораси ҳисоботида келтирилишича,  2012 йилда АҚШдан Ўзбекистонга 71 миллион,  Қозоғистонга эса 11.4 миллиард доллар сармоя кирган.

Марказий Осиё давлатларига 2005–2011 йилларда киритилган хорижий сармоялар жадвали қуйида келтирилган (Манба:  Халқаро валюта фонди):

Қозоғистон:                           
Йил:      Миқдор:
2005    $2, 546, 066, 000
2006    $7, 611, 168, 000
2007    $11, 972, 840, 000
2008    $16, 818, 890, 000
2009    $14, 275, 890, 000
2010    $6, 631, 661, 000
2011    $13, 227, 190, 000

Ўзбекистон:
Йил:    Миқдор:
2005    $191, 600, 000
2006    $173, 800, 000
2007    $705, 200, 000
2008    $711, 300, 000
2009    $842, 000, 000
2010    $1, 628, 000, 000
2011    $1, 403, 000, 000

Туркманистон:
Йил:    Миқдор:
2005    $418, 200, 000
2006    $730, 900, 000
2007    $856, 000, 000
2008    $1, 277, 000, 000
2009    $4, 553, 000, 000
2010    $3, 631, 000, 000
2011    $3, 186, 000, 000

Қирғизистон:
Йил:    Миқдор:
2005    $42, 565, 250
2006    $182, 022, 900
2007    $207, 919, 500
2008    $376, 992, 200
2009    $189, 377, 400
2010    $437, 586, 100
2011    $693, 528, 000

Тожикистон:
Йил:    Миқдор:
2005    $54, 479, 300
2006    $338, 627, 400
2007    $359, 967, 400
2008    $375, 787, 400
2009    $15, 819, 400
2010    $14, 727, 100
2011    $11, 142, 170

Хорижий сармояларни жалб этишда минатақа давлатлари орасида Қозоғистон етакчилик қилаётган бўлса-да, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва ривожланиш потенциали қўшниларига қараганда анча катта.  Буни Қозоғистон кўрсаткичлари билан қиёсласак, қуйидаги рақамларга гувоҳ бўламиз:

Ўзбекистон Қозоғистон
ЙИМ (Ялпи ички маҳсулот) ўсиши: 8.2% (2012)
8.3% (2011)
8.5% (2010)
5% (2012)
7.5% (2011)
7.3% (2010)
Ишчи кучи: 16.74 миллион (2012) 8.54 миллион (2012)
Саноат соҳасидаги ишлаб чиқаришнинг ўсиши: 7.7% (2012) 1.3% (2012)
Ташқи қарзлар: $8.072 миллиард (2012)
$8.382 миллиард (2011)
$137.1 миллиард (2012)
$125.2 миллиард (2011)

 

Хорижий сармоядорларни жалб этишда ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиб бориши ва давлат ташқи қарзларининг кўп бўлмаслиги муҳим кўрсаткичлардан ҳисобланади.  Қолаверса,  Ўзбекистонда сармояга муҳтож,  маблағ киритилса ривожланиш истиқболи порлоқ бўлган секторлар кўп.  Масалан, аниқланган минерал депозитларининг ўзи 3 триллион долларлик бозор ҳисобланади.  Шунингдек,  нефть-газ,  қишлоқ хўжалиги,  электр,  озиқ овқат,  оғир ва енгил саноат,  машинасозлик каби бир қатор йўналишларда ташқи сармоядорлар учун қулай имкониятлар мавжуд.

Нима қилиш керак?

Шунча салоҳият,  жозибали бозор бўлатуриб,  нега хорижий сармоядорлар Ўзбекистондан ўзини олиб қочмоқда?  Нега бозорга кирганлари ҳам чиқиб кетиш тараддудида? Бунинг сабабларини қисман юқорида санаб ўтдим.

Хулосада шуни таъкидламоқчиманки,  Ўзбекистон ташқи инвестицияни жалб қилиш,  эркин иқтисодий имкониятларни яратиш аҳдида жиддий бўлса,  ишни маҳаллий бизнеслар учун ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатланган тизимини яратишдан бошлаши керак.

Хорижий сармоядорлар бу ерда иш бошламоқчи бўлса,  аввало,  ўлчовни маҳаллий бизнеслар фаолиятига қараб олади.  Бунинг учун тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи давлат бошқармалари ва қонунларнинг борлиги кифоя қилмайди.  Балки тадбиркорлик ҳуқуқларини судда эркин ва адолатли ҳимоя қилиш имконияти ва кафолатининг мавжудлиги янада муҳимроқдир.

“Тадбиркорларимиз ўз ҳуқуқларини билмайди” қабилидаги гапларни кўп эшитамиз.  Аслида тадбиркор ҳар бир ҳуқуқини яхши билиши шарт эмас.  Қонунда белгиланган ҳуқуқларидан самарали фойдаланиши ва уларни ҳимоя қилиши учун тадбиркор малакали адвокат хизматига мурожаат қилади.   Демак,  аввало,  ана шу ҳуқиқий ҳимоя тизимлари мустаҳкамлаш ҳамда улар фаолиятига давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг беҳуда аралашувига йўл қўймаслик керак.

Эркин иқтисодий фаолият юритишнинг кафолати қонун устига қонун қабул қилиш билангина амалга ошмаслигини тушуниш учун етарлича тажрибага эга бўлдик.  Хавфсизликни бирламчи билган давлат идоралари ва эркинликни талаб қилувчи фуқаролик жамияти ўртасидаги мувозанат мустақил суд фаолияти билан белгиланмас экан,  хавфсизликни таъминлаш номидан иқтисодий эркинлик ҳуқуқлари поймол бўлишда давом этаверади.

Том маънодаги иқтисодий эркинликкина ҳақиқий тараққиёт келтиради.  Пул иқтисодий эркинлик хавф остида бўлган жамиятларга қараб эмас,  балки хавфсизлик билан эркинлик ўртасида нозик мувозанатни қура олган ва эркинликнинг хавфсизлиги таъминланган давлатларга қараб оқади.  Эркинлик хавфсизлик учун хавф эмас,  балки хавфсизликнинг кафолатидир.  Ҳокимиятнинг асл эгалари бўлган халқнинг ҳуқуқ ва эркинликлари топталишига ҳамда хусусий мулк дахлсизлиги тамойилининг бузилишига олиб борувчи йўл ҳеч қачон фаровон ҳаётга олиб бормаган.