Ўзбекистонда энг катта “Русча — ўзбекча луғат” сотувга чиқарилди

Яқинда Ўзбекистонда сўнгги йилларда энг катта “Русча — ўзбекча луғат” чоп этилди. Икки том бўлган мазкур тўплам 1983-1984 йилларда чоп қилинган луғатнинг расмий янгиланган кўринишидир. Бу ҳақда Uzbekistan Today хабар тарқатди. Луғатдан эскирган сўзлар чиқариб ташланган, шунингдек, 3460 та янги сўз қўшилган. Айни пайтда луғатдан 4000 дан ортиқ тасвирли материаллар ўрин олган. Қолаверса, мавжуд сўзларнинг 1060 та янги маъноси қайд этилган, 1070 тасига янги талқин берилган, 7000га яқини таҳрир қилинган.

Шуни қайд этиш керакки, луғат “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйида 5000 нусхада чоп этилди ва сотувга чиқарилди.

“Қарийб 60 минг сўз ўрин олган ушбу луғат кенг китобхонлар оммаси, жумладан, таржимонлар, муҳаррирлар, матбуот, радио ва телевидение ходимлари учун муҳим қўлланма бўлади”, — дейилади ахборотда.