Гувоҳномасиз қўшиқлар омма эътиборига ҳавола этилмайди

«Ўзбекнаво» миллий эстрада бирлашмасининг тартибига кўра, гувоҳномаси бўлмаган қўшиқ омма эътиборига ҳавола қилинмайди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакили Одилжон Абдуқаххаровнинг Darakchi.Uz’га айтишича, ҳар бир хонанда ўзининг билими, дунёқараши, савиясидан келиб чиққан ҳолда куйлайди. Шунингдек, масаланинг яна бир жиҳати борки, бугунги кунда кўпчилик хонандаларимиз студияга бориб шеър танлаб, унга мусиқа басталатиб, сўнг қўшиқ ёзишмайди. Бастакорлардан тайёр қўшиқни ҳарид қилиб қўя қолишади. Бу қўшиқларнинг аксарияти эса шеърий жиҳатдан ҳам, мусиқа томонидан ҳам талабга жавоб бермайди. Хонанда эса буни тушунмай, қўшиқ ёзаверади.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Бунга кўра ҳар бир вилоят, шаҳар марказларида “Ўзбекнаво” эсртада бирлашмаларининг овоз ёзиш студиялари ташкил этилади ҳамда хусусий студиясига эга бўлган кишилар ҳам студияларини рўйхатдан ўтказишади. Ва ҳар бир ёзилган қўшиқ учун студиялар томонидан махсус гувоҳнома берилади.

Энди радио, ТВ ва интернет сайтлари студиялар томонидан берилган гувоҳномасиз қўшиқларни оммага тарғиб қилмайди. «Балки шу йўл билан бироз бўлса-да, маънисиз қўшиқлар яралишининг олдини олига эришармиз», — дейди «Ўзбекнаво» вакили.