Ўзбекистонда жорий йилда пахтачиликдан 1,5 миллиард доллардан ортиқ ялпи даромад олиши кутилмоқда

Ўзбекистонда 3 миллион 400 минг тонна пахта тайёрланди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон пахтакорлари ва меҳнаткашларига йўллаган табригида айтилишича, республика пахта хирмонининг қарийб 90 фоизи юқори сортларга топширилган.

Шартнома мажбуриятларини биринчилардан бўлиб адо этган Андижон вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Бухоро вилоятлари бажаришган.

Ислом Каримовнинг қайд этишича, баҳор фаслида ҳаво ҳароратининг одатдагидан нисбатан паст бўлгани, чигитнинг униб чиқиши 8-10 кунга кечиккани, айрим ҳудудларда ғўзани сел ва дўл уриб кетгани, турли касаллик ва зараркунандалар кўпайгани, ёздаги сув танқислиги, кузнинг анча эрта ва салқин келгани деҳқон ва фермерлар учун жиддий қийинчиликлар туғдирди.

Президент табригида қайд этилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда пахтачиликдан олинадиган ялпи даромад ўтган йилга нисбатан 12 фоиз ёки 400 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда.

Бу миқдор тахминан 3 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ ёки 1,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилади деганидир. “Anhor.Uz” колумнистига кўра, 2013 йилда пахтачиликдан 3,1 триллион сўм миқдорида даромад кўрилган.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси прогнозларига кўра, Ўзбекистон 2014/2015 йилларда пахта экспортини 2013/2014 йилдагига қараганда 15 фоизга камайтиради. Ўзбек пахтасининг 39 фоизи Бангладешга, 25 фоизи Хитойга, 7 фоизи Жанубий Кореяга экспорт қилинади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2014 — 2020 йилларда республика текстиль саноатини модернизация қилишга 1 миллиард доллар йўналтирилади. Янги қабул қилинган дастурга биноан, 2020 йилга бориб мамлакат пахта толасини қайта ишлаш 44 фоиздан 70 фоизга чиқарилади. Натижада текстиль маҳсулотлари экспорти 800 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етказилади.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта хомашёси, 1-1,2 миллион тонна пахта толаси етиштиради.