Американинг Вебстер университети Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябридан фаолият кўрсатади

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Вебстер университетининг вице-президент Питер Махер бошчилигидаги делегацияси Тошкентга келди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ташриф мақсади – Ўзбекистон томони билан Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалининг очилишига боғлиқ бўлган техник, юридик ва молиявий масалаларни муҳокама қилиш, ҳамда уни янги ўқув йили – 2018 йилнинг сентябридан фаолият кўрсатишни бошлаши ҳақида келишувга эришиш.

Тошкентда АҚШ олий таълим муассасасининг биринчи филиалини очиш бўйича Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вебстер университети ўртасидаги тегишли келишув Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркка сентябрь ойида амалга оширган ташрифи доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми якунлари бўйича имзоланди.

Вебстер университети делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан Олий ва ўрта махсус, Мактабгача таълим, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликларида қатор учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган. Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда Вебстер университети филиали фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қиладилар, шунингдек ташкил этилаётган олий таълим муассасасининг ўқув дастурларини мувофиқлаштирадилар.

Режаларга кўра, Вебстер университети филиалида ўзбекистонлик талабалар «Ахборот технологиялари», «Ахборот хавфсизлиги», «ОАВ ривожланиши», «Бизнес», «Табиий фанлар» ва «Педагогика» каби таълим йўналишларида бакалавр ҳамда магистр даражасини олишлари мумкин бўлади. Дарслар Америка олий таълим муассасаси профессорлари ва маҳаллий ўқитувчиларни жалб этган ҳолда инглиз тилида олиб борилади.

Вебстер университети 1915 йилда Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳрида ташкил этилган. У 7 та халқаро филиалга эга – Швейцария, Австрия, Греция, Ҳолландия, Хитой, Таиланд ва Гана. 2017 йилдаги Американинг энг яхши университетлари рейтингида 24-ўринни эгаллади.

SHARE