Андижон шаҳар ҳокими ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан текширилмоқда

Андижон шаҳри ҳокими Дилшод Раҳматуллаев шаҳардаги таълим муассасаларини ножўя сўзлар билан ҳақоратлангани учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

«Андижон шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши раиси Д.Раҳматуллаев жорий йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш ўтказилмоқда.

Д.Раҳматуллаевнинг ҳаракатларида суд тартибида кўриб чиқилиши лозим бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлигини инобатга олган ҳолда, Андижон вилоят прокуратураси томонидан халқ депутатлари Кенгашига Д.Раҳматуллаевни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида тақдимнома киритилган», дейилган Бош прокуратура сайтида берилган хабарда.

Ҳозирги кунда мазкур тақдимнома Кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бундан аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ва қатор интернет нашрларида Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзув тарқаган эди.

SHARE