Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков 13 декабрь куни Ўзбекистонга келади

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 11 декабрь куни мамлакат ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевни қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси президенти матбуот хизмати хабар берган.

Kun.uz сайтининг ёзишича, Эрлан Абдилдаев учрашув давомида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг Австрия пойтахти Вена шаҳридаги йиғилишидаги иштироки якунлари, шунингдек, Сербияга расмий ташриф ҳақида ҳисобот берди.

Бундан ташқари, ташқи ишлар вазири давлат раҳбарига президент Сооронбай Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик жараёни ҳақида ҳам маълумот берган. Қайд этилишича, ташриф жорий йилнинг 13-14 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Қирғизистон президенти режалаштирилаётган ташқи сиёсий тадбирларга жиддий тайёргарлик кўриш бўйича қатор топшириқлар берди, дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, 7 декабрь куни Шавкат Мирзиёев давлат мукофотларини тантанали топширишга бағишланган йиғилиш вақтида Ўзбекистонга қўшни давлат раҳбари келиши кутилаётгани ҳақида маълум қилганди.

SHARE