Ихтиёр Абдуллаев Рустам Иноятов ўрнига МХХ раҳбари лавозимини эгаллади

23 йил давомида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) бошқарган Рустам Иноятов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда “Газета.uz”нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълум қилди.

Рустам Иноятов (1944 йилда туғилган) МХХга 1995 йилдан буён раислик қилиб келаётган эди. Раҳбариятнинг ўзгариши тўғрисида чоршанба куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган МХХ биносидаги йиғилишда эълон қилинган.

Миллий хавфсизлик хизматига 2015 йилдан буён Ўзбекистон бош прокурори бўлиб ишлаб келаётган Ихтиёр Абдуллаев раис этиб тайинланди. У 2009 йилдан Президентнинг давлат маслаҳатчиси эди.

Бунга қадар Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган Отабек Муродов мамлакатнинг янги бош прокурори бўлди.

Xabar.uz сайтининг ёзишича, Ихтиëр Абдуллаев 1966 йилнинг 22 майида Фарғона вилояти Учкўприк туманида туғилган. Перм давлат университетида ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Фаолиятини 1988 йилда Фарғона шаҳар суд ижрочиси сифатида бошлаган.

1990—1993-йилларда Фарғона вилояти адлия бошқармасида ишлаган.

1993—1995-йилларда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси, раиси вазифасини бажарувчи, 1995—1997-йилларда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси ҳамда Судлов ҳайъати раиси, 1997—2000-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг фуқаролик ва амнистия масалалари бўйича референти бўлиб ишлаган.

2000—2001-йилларда жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди раиси этиб тайинланган.

2001—2002-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, 2002—2006-йилларда Адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 2006—2007-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатни ислоҳ қилиш ва янгилашнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи, 2007—2009-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси, 2006—2009-йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори вазифасида ишлаган.

2009 йилдан 2015 йилгача Ўзбекистон Президентининг ташкилий ва кадрлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.

2015 йил 21 апрель куни у 15 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори бўлиб ишлаган Рашид Қодировнинг ўрнига ушбу лавозимга тайинланган эди.