Памела Спратлен: “Нью-Йоркдаги терактдан сўнг Ўзбекистон бирор чеклов ёки алоҳида чора билан юзлашади деган гап йўқ”

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен “Америка овози” радиоси ўзбек хизматига интервью бериб, Нью-Йоркда ўтган октябр ойида юз берган террор хуружида ўзбекистонлик айбланаётгани ришталарга бирор жиҳатдан салбий таъсир қилиши ёки қилмаслиги ҳақида фикр билдирди:

“АҚШда бирор жойда террор хуружи бўлса, муносабат билдирилади, жавоб берилади. Саккиз одам ўлди, ахир. Оғир фожиа. Бу воқеа ортидаги одам Ўзбекистон фуқароси экани афсусланарли ҳол.

Қўшма Штатларда иммиграция масаласи долзарб бўлиб турган пайтда юз бергани учун ҳам бу ишга эътибор кучли. Бу шахс АҚШга қонунан келган.

Хавфсизлик албатта қалтис масала. Биз грин карта дастурини ўрганиб чиқиб, шуни аниқлаганмизки, бу йўл билан келаётганларнинг аксарияти Америкада янги ҳаёт қуриш билан банд ва тўғри йўлда.

Иммиграция бўйича дебатлар қандай қарорларга етаклайди, буни олдиндан айта олмаймиз. Кузатамиз, огоҳмиз. Ўзбекистон ҳозиргача бирор чеклов ёки алоҳида чора билан юзлашади, деган гап йўқ. Террор хуружларининг таъсири кучли ҳар доим, лекин Ўзбекистонга нисбатан салбий қарашни сезмаяпман. Бу воқеадан кейин Лиза Куртис (Оқ уй расмийси) Ўзбекистонга келиб кетди. Конгрессдан саккиз кишилик делегация келиб кетди. Президент Мирзиёев ва Президент Трамп телефонда гаплашди. Битта воқеа билан алоқалар издан чиқмайди”.

SHARE