АҚШнинг White & Case юридик компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очди

АҚШнинг White & Case юридик компанияси 29 январь куни Тошкентда ўз ваколатхонасини очди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил 18-20 сентябрь кунлари АҚШга ташрифи доирасида Адлия вазирлиги ва White & Case юридик компанияси ўртасида имзоланган меморандумда мазкур ваколатхонани очиш назарда тутилганди.

Унда, шунингдек, тижорат ва арбитраж ҳуқуқи бўйича миллий ҳуқуқшунос кадрларни компаниянинг Америкадаги муассасаларида тажриба орттиришларини ташкил этиш белгилаб қўйилган.

Шундай қилиб ҳозирда White & Case Американинг Ўзбекистондаги ягона юридик компаниясига айланди.

Адлия вазирлиги вакилларининг  қайд этишича, халқаро юридик компанияларнинг республикамизга жалб қилиниши ҳуқуқий ва консалтинг хизматлари кўрсатиш миллий тизимини такомиллаштириш, хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, 1901 йилда асос солинган “White & Case” компанияси айни пайтда дунёнинг 26 давлатидаги 38 та маъмурий биносида фаолият юритаётган 2200дан зиёд профессионал ҳуқуқшуносларни бирлаштирган.