Ўзбекистонда яқин қариндошларининг судланганлиги асосида шахсни ишга қабул қилишни рад этиш қонун билан тақиқланмоқда

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилди.

Депутатларнинг фикрига кўра, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳамда илгари судланган ёки яқин қариндошлари судланган шахснинг эркин иш танлаш ҳуқуқи қонунларда аниқ назарда тутилмаган ва амалиётда яқин қариндошларининг судланганлиги асосида шахсни ишга қабул қилишни рад этиш ҳоллари кузатилмоқда.

Хорижий мамлакатларнинг қонун ҳужжатларини ўрганиш шуни кўрсатдики, Франция, Латвия, АҚШ, Буюк Британия қонунларида турли белгиларига кўра камситиш, шу жумладан, шахснинг судланганлиги асосида уни ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланган.

Депутатларнинг таъкидлашича, Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат хизматига садоқатли, ташаббускор кадрларни жалб этишга, меҳнат қилиш ҳамда ишни эркин танлаш ҳуқуқи кафолатларининг кучайтирилишига хизмат қилади.