Ўзбекистонда АҚШ фуқаролари учун туризм визалари икки иш куни мобайнида расмийлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонда Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Европа иттифоқи, Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари ва Яқин Шарқ мамлакатларининг ҳамда Ҳиндистон Республикаси, Канада, Янги Зеландия, Америка Қўшма Штатлари каби 39 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинишини ҳамда ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг 2018 йил 10 февралдан эътиборан соддалаштирилган тартиби киритилди.