Facebook бир ҳафтада “юзи”ни ва 65 миллиард долларини йўқотди

Март ойининг ўрталарида Британиянинг The Guardian ва Американинг The New York Times нашрлари Cambridge Analytica компанияси ҳақида туркум журналистик суриштирувларини эълон қилинди. Маълум бўлишича, мазкур компания 50 миллиондан ортиқ америкаликларнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги хулқи ҳақида маълумотларни тўплашга муваффақ бўлган. Бундан мақсад истиқболда уларга сиёсий рекламани пуллаш бўлган. Facebook шахсий маълумотларнинг бошқа қўлларга ўтиб кетганидан бохабар бўлган, лекин зарур чораларни кўрмаган.

Компаниянинг акциялари қиймати кун сайин тушишда давом этмоқда, ушбу можарога ҳалигача изоҳ бермаган Марк Цукербергни эса Конгрессга махсус парламент эшитувига чақириш билан таҳдид қилишмоқда, Европа эса ўз тергов ишларини бошлаяпти. Булар дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ дуч келаётган муаммоларнинг бир қисми, холос.

Facebook 50 миллион фойдаланувчилар шахсий маълумотлар чиқиб кетишига йўл қўйиб берган. Лекин буни тан олмоқчи эмас

Кембридж университети ходими Александр Коган (У Кембридж ва Санкт-Петербург давлат университети ишлайди) 2014 йилда психологик тест ишлаб чиқади. Ундан фойдаланиш учун Facebook орқали авторизациядан ўтиш керак бўларди. Тест нафақат ушбу синовдан ўтган одамнинг, айни пайтда унинг профилидаги маълумотларни, дўстларидаги “лайк”лари ҳақида ҳам маълумотларни олган. Тестдан ўтганларга эса пул тўланган. У ушбу тадқиқот учун 800 минг доллар сарфлаган, Cambridge Analytica бу харажатларни қоплаб берган. Компания ушбу маълумотлардан сиёсий рекламаларни манзилли юбориш учун фойдаланган. Шундай қилиб, фойдаланувчилар алдов қурбонига айланишди: чунки маълумотлар фақатгина тадқиқот мақсадлари йўлида ишлатилиши ва учинчи шахсларга берилмаслиги қайд этилган эди. Америкаликларга мўлжалланган тестдан 270 минг киши ўтган бўлса-да, оқибатда улар орқали 50 миллион кишининг маълумотлар учинчи шахслар қўлига бориб тушган.

Cambridge Analytica компанияси АҚШда республикачилар партиясидан президентликка номзодлар — Тед Круз ва Дональд Трамп сайлов штаблари билан ҳамкорлик қилган. Трампнинг собиқ сайлов штаби бошлиғи ҳамда унинг Оқ уйдаги собиқ маслаҳатчиси Стивен Бэннон Cambridge Analytica компаниясининг вице-президенти ҳисобланади. Компания сайлов натижаларига нечоғли таъсир кўрсатган, бу борада баҳслар тобора кучайиб бораяпти. Аммо ҳозирча аниқ бўлгани шундаки, АҚШнинг сайловга оид қонунчилиги бузилган. Чунки унга мувофиқ, чет элликлар сиёсий реклама фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмас. Cambridge Analytica ходимлари асосан британиялик ҳамда канадалик мутахассислардир.

Иккала нашр суриштируви эълон қилинганига бир ҳафтадан ортиқ муддат ўтган бўлса-да, Facebook раҳбари Марк Цукерберг бирор-бир баёнот билан чиқмади. Бу нафақат фойдаланувчиларнинг, айни пайтда сиёсатчилар, ҳатто Facebook ходимларининг ҳам эътирозига сабаб бўлаяпти. Конгрессменлар Цукербергни Вашингтонга чақириш зарурлиги ва парламент олдида ҳисобот беришини талаб қилаяпти. Уларнинг фикрича, Facebook ўз фойдаланувчилари шахсий маълумотлари ҳақида етарли даражада ғамхўрлик қилмаяпти. Ижтимоий тармоқда эса 2 миллиарддан ортиқ аккаунтлар бор.

Нью-Йорк биржасида Facebook компанияси акциялари қиймати қарийб 12 фоизга арзонлашди. Марк Цукербергнинг ўзи қарийб 6 миллиард доллар бойлигидан маҳрум бўлди. АҚШ федерал савдо комиссияси Facebook компаниясига нисбатан текширув ўтказишни режалаштираяпти, бундай текширув ҳақида Европа комиссияси ҳам гапираяпти.

Шу билан бир вақтнинг ўзида Facebook компанияси етакчи мутахассисларидан бири — ахборот хавфсизлиги бўйича директор Алекс Стамос 2018 йилнинг августида компанияни тарк этишини билдирди. Стамос Россия “тролль фабрикаси”нинг Дональд Трамп ғалабасига таъсирини баҳолаш учун текшириш олиб бораётган эди. У, The New York Times ёзишича, текширув ишлари ошкора олиб борилиши тарафдори бўлган. Яъни фойдаланувчиларга россиялик троллар ижтимоий тармоқдан қандай фойдалангани ҳақида кўпроқ маълумот беришни истаган. Аммо бу Facebook раҳбариятига маъқул келмаган. Аввалига унинг раҳбарлигида 120 кишилик жамоа айнан шу иш билан шуғулланаётган эди, кейинчалик уларнинг сонини 3 кишигача қисқартиришди. Самос функционал вазифаларининг аксарият қисмини бошқа бўлимларга топширишди.

Самос жамоаси 2016 йил ноябрь ойидаёқ россиялик троллар Facebook орқали Демократик партия раҳбариятининг ўмарилган почтасидан маълумотларни фаол тарқатаётганини аниқлаган. Facebook топ-менежерлари эса Самосдан россиялик троллар ҳақида, агар жиддий далиллар бўлмаса, ахборот тарқатмасликни сўрашади. Оқибатда АҚШдаги президент сайловидаги россиялик троллар фаолияти ҳақида жамоатчилик матбуот орқали хабардор бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Facebook ташкил топганидан бери имидж ва иқтисодий жиҳатдан энг катта зарарни кўрган. Жумладан, компания капитилизацияси 65 миллиард долларга камайган.

(Матн: Meduza.io, Kommersant.ru, The New York Times)