Федерика Могерини: Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар ислоҳотлар борасида Ўзбекистон ва Қирғизистондан ўрнак олишини хоҳлаймиз

Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини Франциянинг Страсбург шаҳрида бўлиб ўтган Европа парламентининг ялпи мажлисида ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликка доир нутқ сўзлади, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Унда, жумладан, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳеч қачон бу даражада яқин бўлмагани, Ипак йўли бу шунчаки тарихни эслаш эмас, балки энг муҳим инфратузилма лойиҳаси эканлиги, Марказий Осиё илгаридагига нисбатан кўпроқ даражада Европа ва Осиё ўртасидаги чорраҳага айланаётгани таъкидланган.

“Афғонистон ёки Яқин Шарқдаги воқеалар биз учун қандай муҳим бўлса, Марказий Осиёдаги шерикларимиз учун ҳам шу қадар муҳим. Кўриниб турибдики, уларнинг хавфсизлиги – бизнинг хавфсизлигимиздир”, – деди Ф.Могерини.

“Биз дунё ўзгараётганидек ушбу минтақа ҳам ўзгараётганини аниқ кўряпмиз… Марказий Осиё Шарқ учун ҳам, Ғарб учун ҳам янада мустақил ва кучли шерикка айланиб бормоқда”, — деди у.

У Европа компаниялари нафақат минтақа, балки Европа Иттифоқига ҳам фойда келтириш мақсадида Марказий Осиёга инвестиция киритишга интилаётганини айтиб ўтди.

“Бизнес муҳитни яхшилаш манфаатини биз ҳам бўлишамиз. Биз шерикчилик ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги авлод келишувлари устида иш олиб боряпмиз. Бундай ҳамкорликка оид келишувни Қозоғистон билан имзоладик¸ Қирғизистон билан музокаралар олиб боряпмиз, тез орада Ўзбекистон билан шундай музокараларни бошлаймиз”, — деди дипломат.

Федерика Могерини минтақада нафақат иқтисодий, балки инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

“Мустақил оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти, институтлар учун очиқ майдони билан Марказий Осиё янада ишончли, мамлакатлари эса инқирозли вазиятларга нисбатан янада қайишқоқ, иқтисодиётлари янада мустаҳкам ва жозибали бўлади. Бу йўлда Ўзбекистон ва Қирғизистон муҳим ислоҳотларни амалга оширяпти. Биз уларга бу йўлда ҳамкор бўлишни истаймиз. Ўтган йил декабрь ойида ушбу минтақага қилган сафарим чоғида айнан шу масалаларни муҳокама қилгандик. Минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳам бу борада Ўзбекистон ва Қирғизистондан ўрнак олишини хоҳлаймиз”, – деди у.

Ф. Могерини Марказий Осиё мамлакатлари билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка тўхталар экан, бу борада Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласига бағишлаб Тошкентда халқаро конференция ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади.

“Бу ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун муҳим ва мен шахсан ўша ерда афғон ҳукумати, Марказий Осиёдаги ҳамкорлар ҳамда халқаро иштирокчилар билан бирга қатнашаман. Халқаро ҳамкорлик чегаралардаги радикаллашув ёки чет эллик террорчилар билан боғлиқ ҳодиса таҳдидларига қарши жиддий курашишнинг ягона йўлидир”, – деди у.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 26-27 март кунлари пойтахтда ўтказиладиган халқаро конференцияда БМТ, ЕИ ва ўндан зиёд мамлакатнинг юқори лавозимдаги давлат мулозимлари қатнашади.