АҚШ элчихонаси мамлакат фуқаролари учун паспорт расмийлаштириш нархи ошганини маълум қилди

2018 йил 31 январда Давлат департаменти паспорт расмийлаштириш тўлов миқдорини ошириш ҳақидаги якуний қарорни эълон қилди. 2018 йил 2 апрелдан паспорт расмийлаштириш учун тўлов миқдори 35 АҚШ долларини ташкил этади.  Бу ҳақида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар тарқатди.

Ушбу қарор ҳозирда амал қилиб турган 25 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов миқдорини 10 АҚШ долларига оширади. Почта орқали паспортини янгилашга мурожаат этиш талабларига жавоб берувчилар тўлов миқдорида ҳеч қандай ўзгариш сезмайдилар.

Давлат Департаменти одатда консуллик тўловлари миқдорини АҚШ ҳукуматининг шу хизматларни кўрсатиш учун талаб этиладиган харажатларини қоплайдиган даражада ўрнатади.  Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюроси ҳар бир хизмат тўлови миқдорини хизмат таннархи моделига асосланган ҳолда аниқлайди. Энг охирги хизмат харажатлари моделига киритиш учун маъқулланган ўзгаришлар паспорт расмийлаштириш харажатлари жорий ўрнатилган 25 АҚШ долларидан ортиқ эканлигини кўрсатди. Тадқиқот паспорт расмийлаштириш харажатлари 35 долларга яқинлигини намойиш этди.

Ҳозирги пайтда консуллик хизматлари учун тўловларда бошқа ўзгаришлар йўқ.  Тўловлар ҳақида маълумотларни, шунингдек, Консуллик масалалари бюросининг Интернетдаги саҳифасида (travel.state.gov) ва АҚШ элчихоналари ва консулликларининг саҳифаларида ҳам топиш мумкин.